Роберт Ренас Амос исмли америкалик эркак ўз ихтиёри билан курдлар таркибида Суриядаги ИШИД террорчиларига қарши курашаётганини айтган.
Маълумотларга кўра, воқеа “Marriott Marquis” меҳмонхонасида рўй берган. Туркия раҳбари БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқишидан сўнг бу ерга келган эди.
Меҳмонхонада ўтказилган Туркия–Америка миллий қўмитаси тадбирида Ражаб Тойиб Эрдўған чиқиш қилган. Унинг нутқи давомида иштирокчилардан бири ўрнидан туриб, “Террорчи!” деб бақирган. Шу заҳоти яна бир киши Курдистон ишчи партиясининг байроғини очган.
Қўриқчилар икки кишини дарҳол залдан олиб чиқиб кетишган. Бошқа иштирокчилар эса қўриқчиларга ёрдам бериб, намойишчиларга қарата танбеҳ сўзларини айтишган.
Америка телеканали қўлга олинганлардан бири билан мулоқот қилишга муваффақ бўлган. Ўзини Роберт Ренас Амос деб таништирган америкалик эркак ўз ихтиёри билан курдлар таркибида Суриядаги ИШИД террорчиларига қарши кураш олиб бораётганини маълум қилди.
Роберт Амоснинг сўзларига кўра, у ва унинг 4 шериги курдлар таркибида Сурияда кураш олиб борган америкалик Майкл Исроилнинг ўтган йилдаги ўлими туфайли норозилик акциясини уюштирганлар.
Аввалроқ, шу йил май ойида Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Вашингтонга уюштирган ташрифи давомида Туркия элчихонаси қаршисида уни қўриқловчи хизмат ходимлари ва норозилик акцияси иштирокчилари ўртасида тўқнашув рўй бергани ва 29 август куни мазкур ҳолат юзасидан 19 киши, жумладан 15 нафар Туркия хавфсизлик хизмати ходимларига нисбатан айблов эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Меҳмонхонада рўй берган воқеа ҳам мазкур ҳодиса билан боғлиқ эканлиги айтилмоқда.