Алишер Аъзамхўжаев 20 сентябрь куни Тошкентдан Туркияга жўнаб кетган эди.
Ўзбекистон Республикасининг янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев Туркия Республикаси президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ишонч ёрлиқларини топширди.
ТИВ Матбуот хизматининг хабарига кўра, элчи ва Туркия президенти ўртасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон Туркиянинг Марказий Осиё ва жаҳондаги муҳим ҳамкори эканлиги таъкидланган.
Туркия президенти барча ўзаро манфаатли соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга тайёр эканлигини айтиб ўтган.
Бундан ташқари, 2016 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг кузатилган Ўзбекистон–Туркия муносабатларидаги ижобий динамика алоҳида қайд этилган.
Пекин, Остона ва Нью-Йорк шаҳарларидаги икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўтган учрашувлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун мавжуд бўлган улкан имкониятларни амалга ошириш учун биргаликда ишлашга имкон бериши алоҳида қайд этилди.
Туркия давлати раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга бўлажак ташрифи муҳим ўринга эга эканлиги таъкидлар экан, ушбу ташриф Ўзбекистон–Туркия сиёсий мулоқотини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга янги туртки беришини айтди.