Эронда мотам эълон қилинди. Сўнгги маълумотларга кўра, фалокат оқибатида 445 нафар киши қурбон бўлган, 7,1 минг нафари жароҳатланган.
“...Эрон ҳукумати бўлиб ўтган фалокат юзасидан Эроннинг олий раҳбари, эронликлар, хусусан Кирмоншоҳ ҳудуди аҳолисига, мамлакат ғарбидаги қайғули воқеадан омон қолганларга чин кўнгилдан ҳамдардлик билдиради”, дейилади Эрон ҳукуматининг Telegram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Ижтимоий тармоғидаги саҳифада кеча эълон қилинган хабарда “Ҳукумат вакиллари ярадорларга саломатлик тилайди. Қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириш мақсадида эртага, 14 ноябрни бутун мамлакат ҳудудида мотам куни деб эълон қилинади”, дейилган.
Аввал хабар берганимиздек, ўтган якшанба куни Эрон ва Ироқ чегарасида 7,2 магнитудали ер силкиниши бўлди. Бағдоднинг шимоли-шарқидан 204 км ва Эроннинг Кирмоншоҳ шаҳри ғарбидан 104 км атрофида ер силкинишлари кузатилди. Сўнгги маълумотларга кўра, фалокат оқибатида 445 нафар киши қурбон бўлган, 7,1 минг нафари жароҳатланган.
Кирмоншоҳ шаҳри ҳокимининг ўринбосари Мохтаба Никкердор уй қолдиқлари, вайроналар остидан ҳамон одамлар чиқаётгани сабаб қурбонлар сони ошиши мумкинлигини билдириб ўтди.
Эрон ва Ироқнинг айрим шаҳарлари электр энергиясиз қолди, воқеадан қаттиқ таъсирланган аҳоли ўз уйларида ётишдан қўрқиб ҳамон кўчада тунамоқдалар.