Туркиялик мутахассислар маслаҳатчи сифатида Ўзбекистонга таклиф этилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегациянинг октябрь ойида Туркияга ташрифи давомида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК томонидан фуқаролик авиацияси бўйича туркиялик экспертни маслаҳатчи сифатида жалб этиш масаласи кўриб чиқилган эди.
Туркиялик эксперт, техника фанлари доктори Ўрхан Сиврикий “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК раҳбарининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Ушбу шахс 6 ноябрдан ишга киришгани айтилди. Бу ҳақида Миллий авиакомпания Матбуот хизмати хабар берди.
Туркиядаги учрашувлар натижасида МАК фуқаролик авиацияси бўйича машҳур топ-менежер Ўрхан Сиврикийни ҳамкорликка жалб этишдан манфаатдор эканини билдирди.
Жаноб Сиврикий 1991 йилда Босфор университетини тугатганидан сўнг ўз ҳаётини авиация билан боғлади. Ўтган йиллар ичида у Туркия, Европа ва Шимолий Америкада масъулиятли лавозимларни эгаллаб келган ва ўзини авиайўналишларни режалаштириш, янги бизнес-моделларни яратиш, шунингдек маркетинг ва даромадларни бошқариш бўйича етук мутахассис сифатида намоён қилган.
Маълумот учун:
Менежер 1967 йилда туғилган ва 1991 йилда Босфор университети бакалавриатини тугаллаган;
1997 йилда Окан университети магистратурасини тугаллаган;
2012 йилда Окан университетида “Авиаташувларга бўлган талабларни прогноз қилиш” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган;
2015 йилда Туркияда “Йилнинг энг яхши маркетинг директори” дея тан олинган. У инглиз ва немис тилларини билади.