Депутатлар Адлия вазирлиги ишлаб чиққан қонун лойиҳасини тасдиқладилар.
Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, айни пайтда қонун ҳужжатларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ушбу ҳудудларда яшаш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ қатор чекловлар мавжуд. Мазкур чекловларга риоя этмаслик фуқаролар ва мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.
Ушбу қонун лойиҳаси бундай чекловларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг иш танлаш, республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари, паспорт, билим олиш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди ва қабул қилинди.