ФИФА президенти Жанни Инфантино ваъда қилган автобус Тошкентга етиб келди.
Маълумки, аввалроқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан бир неча бор учрашув ўтказиб, ўзбек футболида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берган ҳамда янги дастур ва лойиҳалар бўйича келишувга эришганди.
Келишувга кўра Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ФИФА томонидан янги автобус совға қилиниши ҳақида айтиб ўтган бўлиб, ваъда қилинган автобус Тошкентга етиб келган.
Хабарда айтилишича, Mercedes Travego M русумидаги автобус 46 кишига мўлжалланган бўлиб, 483 от кучига эга.
Маълумот ўрнида, шу пайтга қадар Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғин давомида ҳамда учрашувларга бориш учун клублардан олинган автобуслардан фойдаланиб келган.
“Эндиликда терма жамоамизнинг ўз автобуси бор. Ушбу автобус миллий рамзларимиз ва ЎФА логолари билан безатилади ҳамда йиғин ва учрашувлар давомида миллий терма жамоамиз футболчилари учун хизматга шай бўлади”, дейилади ЎФА хабарида.