...
МЕНЮ
ONLINE TV

Индонезиядан гапирамиз: Вазир Дилмурод Набиев қаердасиз?


14:52, 18.08.2018 Таҳлил
 8 099

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида раҳбар алмашган эди.

Бугун, 18 август куни Индонезияда Осиё ўйинлари мусобақасининг очилиш маросими бўлиб ўтади.
 
Айни вақтда Индонезиянинг икки йирик шаҳарлари Жакарта ва Палембангга ўзбекистонлик спортчилар етиб келган.
 
Ўзбекистон спорт делегациясининг энг катта қисми кеча Жакартадаги “Soekarno Hattа” аэрапортида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакиллари ва бир гуруҳ маҳаллий кўнгиллилар томонидан кутиб олинди.
 
Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимида фаолият юритиб келаётган Шоакром Исроилов вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига 2017 йилнинг июнидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келаётган Дилмурод Набиев тайинланди.
 
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбари янги лавозимга киришгач, ўзбекистонлик спортчиларни 7 август куни Осиё ўйинларига кузатиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади.
 
“Qalampir.uz” аниқлашича, Дилмурод Набиев кеча Осиё ўйинлари очилиш маросимида Ўзбекистон Ҳукумати номидан иштирок этиш учун Жакартага етиб келган. Дилмурод Набиев бу йилги Осиё ўйинлари мусобақасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари сифатида расмий мақомга эга. Шу муносабат билан Малайзия пойтахти Куала-Лумпургача спортчилар билан бир самолётда  келди. Аммо Индонезияга алоҳида рейс билан учган. Нимага? Спортчиларга бош бўлиб келишнинг нимаси ёмон эди, ҳурматли спорт Вазири.
 
Бунисига чидаш мумкин эди, лекин Набиев яна қовун тушуриб, Индонезия пойтахтига келгач, спортчилар билан истиқомат қилиши керак бўлган Олимпия шаҳарчасига эмас, балки бошқа ҳудуддаги меҳмонхоналардан бирига жойлашган.
 
Шу вақтга қадар комплекс мусобақаларида делегация раҳбари спортчилар ва уларнинг мураббийлари билан бирга яшаб келган. Бироқ ҳозирда ўзбекистонликлар хусусан, Миллий олимпия қўмитаси ва журналистлар Дилмурод Набиевнинг қайси меҳмонхонага жойлашгани ҳақида умуман маълумотга эга эмас. Спорт вазири гўёки Индонезияда йўқолиб қолгандек. Ажабо...
 
Спорт принципларига кўра, делегация раҳбари спортчилар билан бирга яшаши, овқатланиши, керак бўлса бир хил кийиниши лозим. Айниқса, бундай катта аҳамиятга эга мусобақаларда спортчиларга далда бўла олмаган вазир яна қачон ўзини кўрсатади?
 
Набиев Индонезияга нимага келди?
 
Шуни биламизки, Ҳукумат вакили Индонезияга дам олиш учун юборилмаган. Унинг вазифаларидан бири спортчилар билан учрашиб, уларнинг шарт-шароити билан танишиш. Ахир Индонезияда катта мусобақа старт олмоқда, спортчиларга бундай вақтда қанча руҳий далда берсак, албатта, бу умумий натижага ўз таъсирини кўрсатади. Қисман бўлса-да, бунга ишонамиз.
 
Спорт вазирлигининг раҳбари эса буни унутибди. Ҳурматли Дилмурод Набиевга айтаримиз шуки, хавотирга ўрин йўқ. Спортчилар холидан хабар олиб, улар билан кўришишга вақт бор. Албатта, спортчиларимиз сизни яна бир бор Олимпия шаҳарчасида кўришдан мамнун бўладилар. Ўйлаймизки, кўзи ёниб турган спортчиларни кўп куттирмайсиз!
Акмалхон Эшонхонов Жакартадан махсус

Теглар:Осиё ўйинлари Индонезия Жакарта Палембанг Дилмурод Набиев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!