Олдин жамоалар сонини қисқартиришди, энди эса жамоалар олдидаги талабларни янада кучайтиришди.
“Лицензиялаш бўйича регламентга Профессионал футбол лигаси томонидан клублар ва клубларга бериладиган ҳуқуқ, вазифа ва ваколатлар киритилган.
Ушбу меъёрий ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистондаги футбол клубларини лицензиялаш тартиби аниқлаб олинган бўлиб, спорт, инфратузилмавий, кадрлар, маъмурий, ҳуқуқий ва молиявий мезонлар ҳам ўрнатилган.
Лицензиялаш бўйича талаблар футбол клубларида адекват бошқарув ва ташкилотчилик тизимини йўлга қўйиш, жамоаларга малакали ва тажрибали кадрларнинг ишга қабул қилинишига эришиш, футбол клубларини замонавий талабларга мос спорт иншоотлари билан таъминлаш, ишқибозларга футбол томоша қилиш, жонли трансляцияларни кўпайтириш ва уларга зарур шарт-шароит яратиб бериш каби долзарб масалаларни ўз ичига олган.
Бугунги кунда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантиришга инвестиция киритиш ва бу билан юқори малакага эга бўлган мураббийларни тайёрлаш, уларни жалб қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш кераклигини инобатга олган ҳолда Олий лига клубларига айнан шу масалада ҳам юқори талаблар қўйилди.
15 саҳифадан иборат ҳужжатда, клубларга, энг аввало, қуйидаги талаблар қўйилган.
1. Олий лига клублари ўзларининг футбол мактабларига (академия) эга бўлишлари шарт.
2. Футбол мактаблари (академия) ўз спорт иншоотлари (футбол майдонлари, машғулот заллари, тренажер заллари, ўқув хоналари, ётоқхона) ва спорт асбоб анжомларга (футбол тўплари, спорт формалари, турли тренажерлар, фишкалар, футбол макетлари) эга бўлиши зарур.
3. Футбол мактаблари (академиялари) ўзларининг овқатланиш тизимига эга бўлиши ва сифатли овқатланишни ташкил этиши зарур.
4. Футбол мактабларида (академия) U-10, U-14, U-16, U-18 ёш тоифаларидаги камида 4 та жамоа бўлиши шарт.
5. U-16, U-18 ёшли ўсмирлар ўртасида айланма (уй-меҳмон) тизимда ўтказиладиган Республика биринчилиги мусобақаларда ўз жамоасини иштирокини таъминлаш.
6. U-10, U-14 ёшли болалар ўртасида регионал ва Республика босқичи тизимида ўтказиладиган мусобақаларда ўз жамоасини иштирокини таъминлаш.
7. Клублар ўзининг Ўзбекистон чемпионатида (олий ёки 1-лигада) иштирок этувчи аёллар жамоасига эга бўлиши ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиши лозим.
8. Клублар ўзининг Ўзбекистон чемпионатида (олий ёки 1-лигада) иштирок этувчи мини-футбол (футзал) жамоасига эга бўлиши ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиши лозим.
Шунингдек, кадрлар ва маъмурий масалалар бўйича энг аввало футбол клубларининг муқим офиси ёки биноси, ўқув-машғулот объектлари, шу жумладан, стадиони бўлиши мажбурий қилиб белгиланади.
Клуб офиси ва машғулотлар базасида ходимлар, футболчи ва мураббийлар учун барча шароитлар таъминланган бўлиши керак.
Бундан ташқари, ҳужжатда футбол ўйинлари ўтказиладиган стадионларга қўйиладиган талаблар ҳақида ҳам гап боради. Энг аввало стадионнинг сертификати бўлиши талаб қилинади.
Стадионларга қўйилган талабларда футбол майдонининг аҳволи, иштирокчилар, учрашув расмийлари ва мухлислари учун мўлжалланган жойлар, мухлислар ва ОАВ учун ажратилган жойлар бўйича алоҳида мезонлар ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда стадионни ёритиш тизими, автомобиллар тураргоҳи каби бир қарашда оддий кўринадиган масалаларгача алоҳида талаблар қўйилган.
Жумладан, ёритиш тизими майдоннинг барча қисмида, бурчаклари билан биргаликда 1200 люкс бирликдан кам бўлмаслиги лозимлиги кўрсатилган.
Футбол клублари, шунингдек, лицензиялаш тартибига асосан, ҳар йилнинг 31 декабрь санасигача футболчиларнинг трансферлари учун муддати якунланган қарзларга эга эмасликларини исботлаши шарт”, дейилади ЎФФ расмий хабарида.
Маълумот учун, янги мавсумдан бошлаб Олий Лигада 12 та жамоа қатнашади, Биринчи Лигада эса 16 жамоа иштирок этади. Бу ҳақда куни кеча ЎФФ расман қарор қабул қилгани ҳақида аввалроқ хабар бериб ўтгандик.