
Улар 20 нафаргача ташаббускор ва малакали мутахассислардан иборат бўлади.
Қарор билан республика аҳамиятидаги давлат органларида доимий фаолият юритадиган эксперт-таҳлил гуруҳлари тузилмоқда. Улар 20 нафаргача ташаббускор ва малакали мутахассислардан иборат бўлади, деб ёзади Norma ахборот-ҳуқуқий портали.
Гуруҳлар, биринчи навбатда, давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича фаолият юритаётган давлат органларида тасдиқланган режа-жадвал асосида тузилади. Улар қаторига Марказий банк, Олий суд, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари киритилган.
Гуруҳ таркиби давлат органининг биринчи раҳбари томонидан давлат органи фаолиятига мутасаддилик қилаётган Президент девонининг тегишли хизмати ва (ёки) Вазирлар Маҳкамасининг комплекси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Гуруҳ мутахассислари давлат органининг тажриба ўрганиш мақсадида хорижий мамлакатларга чиқаётган делегациялари таркибига киритилиши шарт. Уларга бошқа белгиланган тўловлардан ташқари ҳар ойлик меҳнат ҳақи фонди (пул таъминоти) 2 бараваргача бўлган миқдорда тўланади.