Рейтингда ядро қуроллари ва полиция-милиция соҳасидаги етакчилик ҳисобга олинмаган.
“Global Firepower” сайтида ҳарбий салоҳияти юзасидан кучли мамлакатлар рейтинги эълон қилинди. Унга кўра, биринчи бешликни АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Франция ташкил этган.
Мазкур рейтингга кўра, Ўзбекистон миллий армияси Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринда қайд этилган.
Рўйхатдаги 136 та давлат ичида Ўзбекистон 39-ўринни эгаллаган. МДҲ давлатлари орасида эса Россия ва Украинадан кейин 3-ўринни банд қилган.
Ўзбекистондан бир поғона юқорида Недерландия, пастда эса Руминия жой олган.
Рейтингни тузишда ишчи кучи, ҳарбий ҳаво кучлари, пиёда аскарлар сони, ҳарбий денгиз флоти қудрати ҳисобга олинган.
Шунингдек, мамлакатнинг логистик, молиявий, табиий ресурс имкониятлари ва фойдаланиш учун яроқли ҳарбий техникалари ўрганиб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги рейтингда Ўзбекистон 48 ўринни эгаллаган эди.