Суратга тушиш маросимидан сўнг МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бошланди.
Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кутиб олди.
Суратга тушиш маросимидан сўнг МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бошланди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг Ҳамдўстликка аъзо давлатлар билан ҳамкорлиги турли йўналишларда изчил ва ҳар томонлама ривожланиб бормоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 28 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этган эди.
Ўтган даврда Ўзбекистон МДҲ доирасида ўнта тармоқ бўйича ҳамкорликка қўшилди. Ўзбекистон ташкилот Парламентлараро ассамблеясининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди, Ўсимликлар карантини бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Фан-техника ва инновация соҳаларида ҳамкорлик бўйича давлатлараро кенгаш, Агросаноат мажмуи масалалалари бўйича кенгаш, Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича комиссия, МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши, МДҲнинг хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди тўғрисида битимини ишлаб чиқишга оид юқори даражали ишчи гуруҳ ва бошқа органлар фаолиятига қўшилди.
Ўзбекистон МДҲ маконида ўзаро бозорларни шакллантириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, халқаро ва минтақавий транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш тарафдоридир.
Жорий йилда Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасида Мудофаа вазирлари кенгаши, Уруғчилик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича кенгаш, Геодезия, картография, кадастр ва Ерни масофадан туриб зондлаш бўйича давлатлараро кенгаш мажлислари ва кўплаб бошқа муҳим тадбирларни ўтказди. Бу турли соҳаларда кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштириш, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш, саноат кооперациясини кенгайтириш имконини берди.
Учрашувда Ҳамдўстлик давлатларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт-коммуникация салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, хавфсизликни мустаҳкамлаш, замонавий хатар ва таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Гуманитар, таълим ва туризм соҳаларида алмашувларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси келаси йил МДҲда ҳамраис, 2020 йилда эса МДҲ Давлат раҳбарлари саммитига мезбон бўлади.
МДҲ норасмий саммити доирасида Президент Мирзиёев қатор давлат раҳбарлари билан икки томонлама суҳбатлар ўтказди. Уларда 2018 йилда самарали шерикликнинг асосий якунлари ва келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.