Электр ёрдамида ҳаракатланадиган транспорт воситаси соатига 1200 километр тезликда ҳаракатлана олади.
Бу илмий жиҳатдан фантастика бўлиб туюлиши мумкин, лекин жорий йилнинг сентябрь ойида халқаро танлов ўтказилади. Унда йўловчи ва юкларни ташиш учун мўлжалланган, махсус қувур ичида ҳаракатланадиган капсула учун лойиҳалар кўриб чиқилади. Бу ҳақда СNN ёзмоқда.
“Hyperloop” деб аталадиган мазкур транспорт тизими электр энергияси ёрдамида ҳаракатланади. Ҳаво босими паст бўлган қувур ичида капсула соатига 1200 километр тезликда ҳаракатланиши мумкин.
Мазкур ғоя муаллифи Элон Маск ҳисобланади. Энди мазкур лойиҳани мукаммал даражада ишлаб чиқиш масаласи қолди.
Янги транспорт воситаси Дубай шаҳридан Фужайра амирлигигача йўловчиларни 10 дақиқада етказиб қўйиш имкониятига эга бўлади.
Айни дамда мазкур икки ҳудуд орасидаги 165 километрлик масофани икки соатда босиб ўтиш мумкин. Бундан ташқари, “Hyperloop” лойиҳаси тезюрар поездлар қатновини йўлга қўйишдан арзонроқ саналади.
Сентябрь ойида бўлиб ўтадиган халқаро танлов 48 соат давом этади. Унда бутун дунёдан муҳандислар ўз лойиҳалари билан иштирок этишади.