...
МЕНЮ
ONLINE TV

Дмитрий Шепелев турмуш ўртоғи Жанна Фрискега изтиробли мактуб йўллади


16:25, 16.06.2016 Шоу-бизнес
 12 373

Ёнимда йўқлигинг қанчалар ёмон. Мен сен ҳақингда ўғлимизга гапириб бераман, у эса мени диққат билан эшитади. У сенинг овозингни, юзларингни, кулгингни танийди. Мен унда сени танийман.

Бундан роппа-роса бир йил аввал, 2015 йилнинг 15 июнида россиялик хонанда, актриса Жанна Фриске саратон касаллиги туфайли 40 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этган эди.
 
2013 йилда актрисанинг саломатлиги ёмонлаша бошлагач, шифокорлар унинг бош миясида ўсимта борлигини аниқлашди. Унга ёрдам бериш учун ўнлаб миллион рубль миқдоридаги маблағ тўпланди, аммо даво чоралари бесамар кечди.
 


1974 йилнинг 8 июлида Москвада таваллуд топган Жанна Фриске болаликдан жуда қувноқ эди. У 1996 йилда “Блестяшие” гуруҳи таркибида саҳнага чиққан, 2003 йилда яккахон хонанда сифатида фаолият юрита бошлаган. Кинодаги дебют ролини эса 2004 йилда Тимур Бекмамбетовнинг “Ночной дозор” фильмида ижро этган, 2005 йилда эса “Дневной дозор”да суратга тушган.
 
Фриске “Циркда юлдузлар билан”, “Африка юраги”, “Империя”, “Музлик даври 2” телелойиҳаларида иштирок этган. Кино ва шоу-бизнесдаги фаолияти учун Фриске бир қатор мукофотлар билан тақдирланганди.
 
Актрисанинг севган инсони Дмитрий Шепелев билан муносабатлари ОАВ томонидан жуда кўп бор ёритилган. 2013 йилнинг апрелида уларнинг муҳаббати меваси бўлмиш ўғиллари Платон дунёга келди.
 


Жаннанинг ўлимидан кейинги 1 йил ичида жуда кўп ғаройиб ҳодисалар рўй берди. “РУСФОНД” томонидан хонандани даволаш учун йиғилган пуллар ўз-ўзидан ғойиб бўлди. Сўнг тергов ишлари бошланди. Жаннанинг яқинлари унинг севган кишиси ва фарзандининг отаси Дмитрий Шепелевга тиш-тирноқлари билан қарши чиқиб, пулларнинг йўқолишида уни айбдор қилишди. Жаннанинг отаси телевидениедаги чиқишларда, газета ва журналларга берган интервьюларида Дмитрий Шепелевга бўлган нафратини яширмаган ҳолда уни ҳақорат қилди. Набираси Платонни ўғрилаб кетиш учун ҳаракат ҳам қилиб кўрди. Аммо... Шепелев эса уларнинг саноқсиз айбловларига нисбатан бир неча бор ОАВда чиқиш қилди.
 
Хусусан, Россиянинг “Пусть говорят” ток-шоусида Жаннанинг ўлимига бағишланган кўрсатувлардан бирида Дмитрийга қўйилаётган айбловлар нотўғри эканини кўпсатувнинг кўплаб қатнашчилари ва уларни яқиндан таниган машҳурлар ҳам тасдиқлашди. Улар Жанна бетоб бўлганида Дмитрий Шепелев ўзига тегишли уйлар ва қимматбаҳо буюмларни сотиб юборганини ва тушган пулларга Жаннани даволаш зарур дори-дармонларни харид қилганини айтишди.
 


Ўша кўрсатувдан сўнг, Дмитрий Шепелевни айблаётганлар орасида фикрлари нотўғри эканини тан олганлар ҳам бўлди. Бошқача қилиб айтганда, студияда ўзини ғалати тутган Жаннанинг отаси айтган сўзларга одамларнинг ишончи йўқолди.
 
Бироқ Фрискелар оиласи Платоннинг отасини Жаннага у бетоб вақтида қарамаганликда, уни даволаш учун йиғилган пулларни ўзлаштиришда айблашда ҳозиргача давом этмоқда. Дмитрий Шепелев эса вазиятга агрессив баҳо бераётан Фрискеларга ўғли Платонни кўрсатишдан узоқ вақт бош тортди. Бу ҳаракатини у “Фрискелар оиласидаги менга бўлган нафрат ва исботсиз айбловлар ўғлимда руҳий зўриқиш келтириб чиқаради. Мен ўғлимни уларга ишона олмайман”, дея изоҳлади.
 


Кеча, 15 июнь куни Жаннанинг ҳаётидаги энг яқин инсонларидан бири, фарзанди Платоннинг отаси Дмитрий Шепелев 1 йил аввал вафот этган рафиқасига атаб хат ёзди ва уни Facebook ижтимоий тармоғига жойлаштирди. Ушбу хатда у Жаннасиз ўтган 1 йил ҳақида ёзган. Эътиборингизга Димитрийга тегишли мактубни тақдим этамиз.
 
“Мен ўша кун келишини билардим ва бу кунга қўлимдан келганича тайёргарлик кўрдим. Хаёлан ўша дақиқаларни, залворли сонияларнинг қай тарзда ўтишини кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилардим. Булар ҳақда жуда кўп ўйлардим, буни фақат вақт кўрсатишини билсам ҳам ўйлайверардим.
 
Тиббиётга оид кўп китобларни ўқиб чиқдим. Ўз яқинини йўқотган инсонлардан яқин кишисини йўқотиш қандай бўлишини сўраб, суриштира бошладим. Аммо буларнинг бари бекор бўлиб чиқди. Мен тасаввур қилган дақиқалардаги изтироб, азоб ўйлаганимдан кўра оғирроқ, қийинроқ экан. Бу дақиқалар инсонни кар, соқов, шол қилар, қалбини эса бўм-бўш хона каби жимжитлик домига тортар экан.
 


Сен билан 2 йил давомида олиб борган курашимиздан кейин сен кетдинг. Сендан кейин менинг оламимни бўшлиқ қамраб олди, ундан сўнг оғриқ...
 
Тўғрисини айтганда, сендан кейинги бир неча ой ҳақида эслай олмайман. Москвага учаётган самолёт, ҳар тарафдан менга ачиниш кўзи билан қараётган одамлар, эътибор, мени тинчлантириш учун айтилган бемаврид ва маъносиз сўзлар, жимжитлик, оғриқ, изтироб... Ахир бундай вақтда одамлар нима деяётганларини ҳам билишмайди.
 
Ўша вақтда фақат китоблар ва вино, вино ва китоблар, вино ва уйқу менга ёрдам бера олди, холос. Бошқа ҳеч нарса мени чалғита олмади. Улар қалбимдаги оғриқларнинг бироз бўлсада босилишига, ўзимни унутишимга ёрдам берди. Қачондир вужудимда ҳеч қандай ҳис қолмади. Гўё кимдир ҳиссиёт тугмасини босиб, ўчириб қўйгандек на қўрқув, на қувонч ва на соғинч, ҳеч қайсисини ҳис қилмадим. Кўнглим тубида эса бўшлиқ ва оғриқ сезардим.
 
Бунга чек қўйишим керак эди. Қаршилик кўрсатиш, қабул қилиш ва яна қайта яшашим лозим эди. “Қутурган” мотоциклда кўчаларни кездим, баланд бино томининг лабларида турдим, порашютда учиб кўрдим, аммо... Йўқ! Мен барибир ҳеч нарсани ҳис эта олмадим. Шу он океан тубида кенглик ва босим остида ётган медузага ўхшардим. Остимдаги сув эса қулоқларим, бурним ва ўпкамни тўлдириб қўйган. Энди қаршилик кўрсатиш, буларнинг ҳаммасидан қочиш бефойда эди. Бу ўша океаннинг туби ва мен енгилдим.
 
Мен енгилдим ва қарлишик кўрсатишни тўхтатдим. Ўшанда изтироб чекиш – йўқ нарсани бор қилишга уриниш эканини тушундим. Оғриқнинг сабабчиси эса қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат билан курашнинг самараси эканини, бу жараёнлар инсоннинг хоҳишига кўра ўзгармаслигини тушуниб етдим. Қалбимдаги оғриқ муҳаббатим эканини англадим. Бу сўнгги нуқтагача бориб етган, кучли, ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас, имконсиз, фожеа туфайли минг бўлакка бўлиниб кетган, аммо мен бир умр кутган, орзу қилган, қардлаган муҳаббат эди.
 
Мен енгилдим ва қатнашишдан тўхтадим. Шунчаки нафас олдим ва сувнинг оқишини кузата бошладим. Ўзимни қочаётган ҳиссиётларимдан озод этиш, уларни чин дилдан, қўрқув ва афсусларсиз, ҳеч нарсага чалғимаган ва қўл силтамаган ҳолда ҳис этишдан ўзга чорам қолмади. Бу тажриба эди. Оғир, камёб тажриба... Шунда дунёнинг барпо бўлиши билан боғлиқ бир ҳақиқатни англадим. Ҳамма нарса ўз вақтида Яратганга, физикага, тартибга, хаосга бўйсунган ҳолда содир бўлишини англаб етдим. Бўлди, биз қила оладиган ягона иш – бу содир бўлаётган ҳодисларни кўриш ва уларни тасдиқлаш экан. Ҳаммаси ўз-ўзидан содир бўлади. Бизнинг ҳиссиётларимиз рўй бераётган ана шу ҳодисаларга бўлган муносабатимиздир.
 
Вақт ўтиб, ҳеч нарсага ҳожат қолмади. Бирор нарсадан қочмаслик, одамларга ҳолатни тушунтирмаслик, таассурот қолдирмаслик мумкин бўлиб қолди. Устидан кир тўкаётган телеэкран, онги заҳарланган одамлар, баҳслар ҳамма-ҳаммаси қаергадир йўқолди.
 
Ортга боқар эканман, касаллик ва ўлим, тинимсиз судлар, баҳслар, эфирлар, мақолалар, мулоҳазаларга сабаб бўлишини ким ҳам ўйлабди дейсан. Бировнинг ғами миллионлаб одамлар учун ғийбат учун емиш бўлишини ким ҳам ўйлабди дейсан. Нафрат, арзон обрў, кучсизлик ўлимга бўлган ҳурмат, сўзсиз ғамлар домига ғарқ бўлган инсонга қанчалар озор етказди. 2 йиллик даҳшатли кураш ва сендан кейинги аввалги йиллардан кам бўлмаган яна бир даҳшатли йил.
 
Мен учун ҳамма нарса ўтган вақт ичида эриб кетди. Ўзимни англаш ва ўтган йиллардаги юкни елкамдан ағдариш вақти келди. Мен шаффоф ҳисларни, маъюс, аммо тинч онг юзага келганини англадим. Бу эса менга инсон кечирадиган турли ҳиссиётлар ва ҳатто, мусиқий асарларнинг асл маъносини, ўзлигини англай билиш имконини берди. Бўшлиқ ўзлигимга мурожаат қилишга, ўз-ўзимга руҳан жуда яқин келишга имкон берди. Мен денгизнинг овозини эшитиб, ўғлимнинг борлигидан роҳатланадиган бўлдим. У ўзи билмаган ҳолда катта куч билан мени, чўкаётган отасини ғарқ бўлишига йўл қўймади.
 


Ўтган бир йил давомида менга ўзим учун унчалик таниш бўлмаган инсон ҳамроҳ бўлди. Фақат угина ҳар қандай ҳолатда менинг олдимда бўла олди, мен билан бирга курашди. Орадан шунча йил ўтиб, мен ҳақимда ҳам кимнингдир қайғуриши мен учун жуда муҳим эди. Шунча йил ўтиб, менинг ҳам бировга меҳр ва муҳаббат бера олишим... Балки мен у инсонга боғланиб, уни севиб қолишим керк эди, аммо мен ундай қила олмадим. Ахир мен ҳамон ўтмишим билан яшардим. Шундай бўлсада, унга, ўша аёлга, менга оғир дамимда кўмакчи бўлган фариштага раҳмат дейман.
 
Мен кундалик тутдим ва ҳар куни йироқларга кетган муҳаббатим билан суҳбатлашардим. Бундан мақсад бўлиб ўтган воқеаларни тушуниб етиш, оғир дамларни яшаб ўтишга ўзимга ёрдам бериш эди. Бир куни, чамаси ярим йиллар ўтиб, тўфон ортда қолгандек туюлди. Ҳаммаси аста-секин ўз ҳолига қайта бошлади. Мен шунга умид қилгандим, аммо ёлғон илинжларга ишонаётганимни ўзим ҳам билмасдим.
 
Бир қадаҳдан ортиқ винони ичганим ҳамоноқ, яна ўша азобларга қайтардим. Бироқ бу қайтиш мени оғриқ ва изтироб томонга эмас, ғазаб томонга бошларди. Бўлиб ўтган фожиада мен сени ва фақат сени, мени ташлаб кетганинг, сотқинлик қилганинг, хайралашмасдан йўқликка сингиб кетганинг учун айблардим. Кейин эса яна ўша нега, нима учун каби саволлар, яна ўша бўшлиқ...



Йил ўтди. Оғриқлар, қўрқинч, ғазаб чекинди. Фикримча, улар ортда қолди. Мен ўша сув тубини узоқларда қолдириб, туртилиб барчасидан қутилиб кетишга куч топдим. Ўзимга келажак ҳақидаги саволларни бердим, режалар туздим ва ниҳоят ўзим орзу қилганларим ҳақида ўйлай бошладим. Энди келажакка ўтмиш кўзи билан қарамаяпман ва баъзида, кутилмаган дақиқаларда ёнимда сенинг етишмаётганингни ҳис этаяпман. Ёнимда йўқлигинг қанчалар ёмон. Мен сен ҳақингда ўғлимизга гапириб бераман, у эса мени диққат билан эшитади. У сенинг овозингни, юзларингни, кулгингни танийди. Мен унда, ундаги кичик нуқталарда, бошини ўгиришида, бармоқларининг учида, кулгуларида сени танийман. Шу муҳаббатимиз, гарчи сен ёнимизда бўлмасанг ҳам тирик эканини сезаман. У шунчаки бор!
 
Умида Якубова

Теглар:Димитрий Шепелев Жанна Фриске Саратон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!