“Эркак киши ҳамиша иродасига таяниши керак, мен Руслан Шариповнинг ҳаётий муаммоларида бошқаларни айблай олмайман”, дейди хонанда.
“Qalampir.uz” сайти учун хонанда Карен Гафуржонов билан бўлиб ўтган суҳбатда ҳам гап бориб Руслан Шариповнинг суратларига тарқалди. Хонанда бу борада фикр билдирар экан, Шариповнинг ҳозирги ҳолатини ижодкорларда кечадиган депрессия билан боғлади.
— Бу суратлар муборак Рамазон ойида тарқатилишининг ўзи жуда хунук ҳолат. Устига-устак Руслан Шариповнинг бу алфоздаги расмларини тарқатганларнинг мақсадини тушунганим йўқ. Майли, кимларгадир эътибор тортиш, пиар қилиш керакдир, лекин бунинг бошқа йўллари ҳам бор-ку. Аксинча, Русланнинг бечораҳол суратларини тарқатмасдан, ашаддий мухлисирини тўплаб, қандайдир акция ўтказиш, уни яна санъатга қайтариш йўлларини излаб топиш керак эди. Наҳот, бу суратларни тарқатаётганлар ўзини унинг ўрнига қўйиб кўрмаган бўлса?
Бир неча сониядан кейин қандай аҳволда бўлишимизни ҳеч ким билмайди. Бугун Руслан Шариповнинг ўрнида истаган санъаткорингиз бўлиши мумкин эди.
— Бунда санъаткорларнинг ҳам айби бордир. Бугун қаҳрамонлик қилиб, Руслан Шариповнинг тарафини олаётганлар вақтида уни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилиши керакмиди...
— Йўқ! Ҳар бир нарса аввало инсоннинг ўзига боғлиқ. Тушкунликка тушиш ҳам, ундан чиқиб кета олиш ҳам ўзимизнинг қўлимизда. Айниқса, эркак киши ҳар қандай вазиятда иродасига суяниши керак. Мен Руслан Шарипов билан кўп мулоқотда бўлмаганим учун унинг бугунги аҳволи ҳақида бир нарса деёлмайман. Шуниси аниқки, уни кутаётган, соғинган мухлислари талайгина.
Карен Гафуржонов билан бўлиб ўтган суҳбатда хонанда саволларга жавоб қайтарар экан, ўзи ҳақидаги танқидларни ҳам тўғри қабул қилишини, ҳамон изланишдаги ижодкор эканини айтди. “Санъаткорнинг ижоди ҳар куни ТВга чиқиши билан ўлчанмайди”, дейди хонанда. У бугунги қўшиқларга ўз баҳосини берар экан, Ватан мавзусидаги қўшиқларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бу мавзуда куйлашга ҳамманинг ҳаққи борлиги, бироқ буни мода даражасига кўтариб, саёзлаштириб юбормаслик кераклигини айтди. Суҳбатнинг тўлиқ талқинини тез орада сайтимиз орқали ўқишингиз мумкин.