...
МЕНЮ
ONLINE TV

Карен Гафуржонов қайси санъаткорларга инсоф сўради


17:55, 21.06.2016 Интервью
 8 870

Хонанда Карен Гафуржонов билан тўлиқ интервью.

2000 йилларда ўзбек эстрадасининг ривожланиш босқичини Фаррух Зокиров, Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Озода Нурсаидова, Руслан Шарипов каби устоз санъаткорларсиз тасаввур қилиб бўлмагани ҳолда “Хўжа”, “Болалар”, “Шаҳзод”, “Анор”, “Байрам” гуруҳларининг қўшиқларисиз тасвирлаш қийин. Юқорида номи келтирилган хонандалар ва гуруҳларнинг ўз даврида ошиғи олчи бўлган. Бугун уларнинг кўплари ўз ўрнини ёшларга бўшатиб берган.
 
Айтилганлар қаторида “Анор” гуруҳининг ўрни бўлакча эди. Карен Гафуржонов бошчилигидаги “Анор”чиларнинг қўшиқларини ўша авлод вакиллари яхши эслайди. Кейинчалик гуруҳ тарқалди, Гафуржонов яккахон тарзда ижод қила бошлади. Бироқ бу ҳам кўпга бормади. Орада жуда катта танаффус, бўшлиқ пайдо бўлди. Гоҳ кино, гоҳ телекўрсатувлардаги чиқишлар, гоҳ қўшиқчилик... Карен на унисини ва на бунисининг этагидан маҳкам тутди... Бугун у яна катта саҳнага қайтиш тараддудида. Кузатувлари натижасида орттирган тажрибаси у бу йўлда равон ҳаракатланишига етармикин? Ҳар ҳолда бугунги шоу-бизнеси кечагисидан анча шафқатсиз. Бугунги кичик урунишлар кеча йўқотилганларнинг ўрнини тўлдириш ўрнига, борларини ҳам бой беришга сабабчи бўлмасмикин. Карен Гафуржонов билан суҳбатимиз айнан шулар ҳақида бўлди.
 


— Келинг, суҳбатни бугунги кундаги фаолиятингиз билан бошласак. Нималар билан бандсиз?
— Асосий вақтимни студияда ўтказяпман. Янги қўшиқлар, мусиқалар устида ишлаяпман. Тўғри, анча вақт йўқ бўлиб кетдим...
 
— Сабаб?
— Буни ҳозир айта олмайман. (ўйланиб) Аввал ҳам ижодим кўп бўлмаган. Мен айтадиган қўшиғимни кутганман. Ўзимникини топсам куйлаганман, бўлмаса йўқ. ТВда кўринмаганим, концерт дастурларида чиқмаганим билан буткул ижодни ташлаб қўйганим йўқ. Қўшиқлар ёздим, лекин кўплари ўзимга ёқмади. Шунинг учун бу қўшиқларни тингловчиларга тақдим этишни эп кўрмадим.
 


— Балки бу моддийликка ҳам боғлиқдир.
— Йўқ. Агар сезган бўлсангиз, ҳамма санъаткордан кейин Instagram’да шахсий саҳифамни очдим ва айни дамда менинг ижодимни неча йиллардан буён кузатиб келаётган мухлисларим билан мулоқот ўрнатяпман. Улар мендан нимани кутаётгани билан қизиқяпман. Лекин кўпроқ шўх қўшиқлар куйламоқчиман.
 
— Нега Instagram’да саҳифа очиш масаласини аввалроқ ўйлаб кўрмагансиз. Бугун ижтимоий тармоқлар санъаткор ва мухлисни боғловчи асосий кўприк вазифасини бажаряпти. Ҳатто, умуман ижод қилмай қўйган санъаткорлар ҳам ижтимоий тармоқлар орқали борлигини бошқаларга эслатиб турибди.
— Билмадим, мен Instagram’га қаерда овқатланаётганим ва қайси дўкондан кийинаётганим тасвирланган суратларни жойлашни тўғри деб билмайман. Шунинг учун унда асосан ижод акс этган суратларни кўрасиз.
 


— Ижтиомий тармоқлардаги мухлисларингизнинг фикрини ўрганаётганингиз ва асосан шўх қўшиқлар куйламоқчиман дейишингизга қараганда, сиз ҳам бошқалар каби талабга қараб ишламоқчисиз. Бошқалардан нима фарқингиз қолади?
— Йўқ-йўқ! Шунчаки одамларнинг фикри билан қизиқяпман, холос. Чунки анчадан буён тингловчиларим билан мулоқотда бўлмадим.
 
— Бу орада ўзбек шоу-бизнеси анча ўзгариб кетди. Турк, озар, форс мусиқалари аралашмаси бўлган қўшиқлар ҳам кўпайди.
— Анча йиллик танаффусда мен пишдим. Демоқчиманки, кузатганларим натижасида сиз айтаётган хатоларга қўл урмаслигим аниқ. Ҳар ҳолда бундай қўшиқлардан тингловчиларнинг ўзи ҳам чарчаб кетган.
 


— Бугун ўзбек шоу-бизнесидаги аксарият қўшиқларда миллий мусиқа деган тушунча қолгани йўқ. Ҳали уйғур, ҳали форс, кўп ҳолларда тожик ва озар мусиқасининг қоришмасини пайқагандек бўламан.
— Афсуски, шундай. Мен гапингизга тўлиқ қўшиламан. Бу ҳолат анча йиллардан буён бор. Лекин мен кимнидир танқид қилишга ҳозирча тайёр эмасман.
 
— Ҳаққингиз бордир, ҳар ҳолда тажрибангиз катта.
— Балки... У даврларни ҳозирги пайт билан солиштириб бўлмайди. Тўғри, рақобат кам эди, лекин техник имкониятлар бугунгидек бўлмаган, кўпроқ истеъдодга таянилган. Агар бугунги санъаткорлар ҳозирги имкониятлардан тўлиқ фойдалана олса, жуда кўп янгиликлар қилса бўлади. Айтишга осон, лекин нега янгилик қилмаётганларининг сабабини билмайман. Устига-устак ҳозирги санъаткорларда бир муддат дам олай деган тушунча йўқ.
 
— Сизнингча, танаффуслар ҳам фойда беради.
— Албатта! Дунё шоу-бизнесини кузатсангиз кўпчилик хонандалар йилиги бор-йўғи битта қўшиқ чиқаради. Бир неча йиллаб ўз қўшиғини қидирадиганлар ҳам бор. Шунга яраша сифат ҳам ошади.
 
— Ўзбек шоу-бизнесида Карен Гафуржоновнинг номи бору ижоди йўқ. Одамлар уни на қўшиқча, на телебошловчи ва на актёр сифатида билади.
— Тўғри, буни тан оламан. Мен танаффусда ўзимни қидирдим. Шунинг учун мени кўпчилик танимаслиги ҳам мумкин. Буни тўғри қабул қилиш керак.
 
— Танаффус вақтида бошқаларда қандай хатоларни кўрдингиз?
— Мусиқани ўғирлаш – бу энг катта хато. Изланиш қолмади.
 


— Буни талабга яраша таклиф деб баҳолашяпти. Балки сиз ҳам мажбур бўларсиз.
— Йўқ. Урфнинг ортидан қувмайман.
 
— Кимлирни эшитяпсиз?
— Доимий равишда Ботир Зокиров ва “Ялла” гуруҳининг қўшиқларини эшитаман. Бундан ташқари, Рашид Холиқов, Севара Назархон, Озодбек Назарбеков, Алишер Файзнинг қўшиқлари ёқади. Айниқса, Алишернинг ижодини жуда юқори баҳолайман. Унда санъаткорга хос ҳамма нарса бор. Иқтидор, ташқи кўриниш, маданият, билим, дунёқараш...
 
— Бошқаларни эшитишингизни очиқ айтаркансиз...
— Албатта, яқинда Жаҳонгир Отажоновнинг концертига ҳам бордим.
 
— Ўтган йиллардаги танаффус шахсий ҳаёт билан боғлиқ бўлмадими?
— Йўқ.
 
— Чунки бундан икки йил аввал ҳам “Мана ижодни бошладим, янги мусиқий альбомимни тақдим этиш арафасида турибман”, дегандингиз. Бугун ҳам ижодни бошлаяпман деяпсиз. Яна икки йилдан кейин сиз билан шу мавзу суҳбатлашмаймизми?
— Мен танаффус қилганим билан ижодни буткул ташлаб қўйганим йўқ. Санъаткорнинг ижоди ҳар куни ТВда кўриниши, қўшиқлари радиода ҳар соатда берилиши билан ўлчанмаслиги керак. Фикримча, ўйлаб қилинган ишнинг натижаси катта бўлади.
 
— Оила борасида қачон аниқ тўхтамга келасиз?
— Ҳар йили оила қуришни режалаштираман. Қаерга бормай санъаткор дўстларим “Тўй қачон, яқин орада тўйингизда хизмат қиламизми?”, деб саволга тутишади. Албатта, тез орада мен ҳам бўйдоқлар сафидан чиқаман.

— Демак, бу йил, шундайми?
— Аниқ вақтини ҳозир айтолмайман. Чунки бу Яратганнинг хоҳиши.
 
— Нега санъатдаги шунча йиллик танаффус даврида уйланмадингиз? 
— Менга севги керак. Чин маънода яхши кўриб қолишим, кўнгил қўйишим шарт. Мен ҳақиқий севги нима эканини жуда яхши биламан. Буни бошимдан ўтказганимни, қаттиқ севганимни кўпчилик билади. Бу ҳақда жуда кўп гапирганман. Менинг ҳолатимни умрида бир марта бўлса ҳам севиб кўрган одамгина тушунади, холос.
 
Яқинда таксига кетаётганимда ҳайдовчи мени таниб қолиб, саволга тута бошлади. Табиийки, суҳбатнинг охири доимгидек уйланишга бориб тақалди. То манзилимга етгунимга қадар ҳалиги катта ёшли ҳайдовчи оила қуришим кераклиги ҳақида гапира кетди. У кишининг қўша-қўша фарзандлари, набиралари бор экан. Машинадан тушаётиб ҳайдовчига савол бердим: “Мана, оилангиз, фарзандларингиз, набираларингиз бор экан. Шунча йил давомида бахтли ҳаёт кечирдингизми?” Афсуски, ҳалиги ҳайдовчи саволимга жавоб бера олмади. Менимча, ҳар бир одам “Бахт нима?” деган саволга умри давомида жавоб топиши керак. Муҳаббатсиз бахтли оилани қуриб бўлмайди. Вақти келиб ўша муҳаббатни, ўзим интилган бахтни топишимга ишончим комил.
 
— Бугунги қўшиқлар яшаб қолмаётганининг асосий сабаби мавзуларнинг саёзлашиб кетаётганидамасмикин?
— Ёш, кечагина қўшиқчиликни бошлаган хонандалар ақл ўргатиб қўшиқ куйласа, уни одамлар қабул қилолмайди. Менимча, ҳар бир хонанда ёшига яраша қўшиқ куйлаши керак.
 
— Ёши катталар ҳам мавзу борасида ёшлардан қолишаётгани йўқ. Бу оқимга қўшилиб кетишнинг ўзгинаси.
— Уларга инсоф берсин! Ҳар бир санъаткор саҳнада ишончни оқлаши, масъулиятни ҳис қилиши керак.
 
— Ватан мавзусидаги қўшиқлар ҳақида фикрингиз қандай. Таниқли аёл хонандалардан бирининг шу мавзудаги қўшиғини эшитиб, ҳафсалам пир бўлди. Яна ўша кучаниб айтиш, яна ўша сохталик...
— Бу мавзуда куйлашга ҳамманинг ҳаққи бор, лекин буни мода даражасига чиқармаслик керак. Мана, Севара Назархоннинг “Улуғимсан Ватаним” қўшиғи йиллар ўтса ҳам яшаб келяпти. Қайси мавзуда куйлашларидан қатъи назар эплай олишмаса, куйламаганлари маъқул.
 
— Шу гапларни ўша ҳамкасбларингизнинг ўзига айта оласизми?
— Албатта, лекин ҳамманинг орасида эмас. Ўзига алоҳида тушунтираман.
 
— Куни кеча Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Руслан Шариповнинг суратлари тарқалди. Сиз ҳам кўрган бўлсангиз керак.
— Бу суратлар муборак Рамазон ойида тарқатилишининг ўзи жуда хунук ҳолат. Устига-устак Руслан Шариповнинг бу алфоздаги расмларини тарқатганларнинг мақсадини тушунганим йўқ. Майли, кимларгадир эътибор тортиш, пиар қилиш керакдир, лекин бунинг бошқа йўллари ҳам бор-ку. Аксинча, Русланнинг бечораҳол суратларини тарқатмасдан, ашаддий мухлисирини тўплаб, қандайдир акция ўтказиш, уни яна санъатга қайтариш йўлларини излаб топиш керак эди. Наҳот, бу суратларни тарқатаётганлар ўзини унинг ўрнига қўйиб кўрмаган бўлса?

Бир неча сониядан кейин қандай аҳволда бўлишимизни ҳеч ким билмайди. Бугун Руслан Шариповнинг ўрнида истаган санъаткорингиз бўлиши мумкин эди.

— Бунда санъаткорларнинг ҳам айби бордир. Бугун қаҳрамонлик қилиб, Руслан Шариповнинг тарафини олаётганлар вақтида уни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилиши керакмиди...
— Йўқ! Ҳар бир нарса аввало инсоннинг ўзига боғлиқ. Тушкунликка тушиш ҳам, ундан чиқиб кета олиш ҳам ўзимизнинг қўлимизда. Айниқса, эркак киши ҳар қандай вазиятда иродасига суяниши керак. Мен Руслан Шарипов билан кўп мулоқотда бўлмаганим учун унинг бугунги аҳволи ҳақида бир нарса деёлмайман. Шуниси аниқки, уни кутаётган, соғинган мухлислари талайгина.
 
— Ижодкорларда тушкунликка тушишга бўлган мойиллик катта. Сиздачи?
— Йўқ. Мен бироз ўйлайман, етти ўлчаб бир кесгач, аниқ бир қарорга келаман ва яна ўрнимдан туриб йўлимда давом этаман. Бунинг учун атрофингиздаги дўстларингиз ҳам сизни қўллаб-қувватлашни билиши керак. Яшаяпсизми, демак кўникишга мажбурсиз.
 
— ТВ, радио ва ижтимоий тармоқлардаги роликларга сизнинг ҳам кўзингиз тушгандир. Кўп ҳамкасбларингиз ўзи чексада, спиртли ичимликлар ичсада, ТВга чиқиб соғлом турмуш тарзини тарғиб қилмоқда. Санъаткорнинг маънавий қиёфаси ҳам айтаётган гапига, куйлаётган қўшиғига мос бўлиши керак эмасми?
— Жуда тўғри, мен фикрингизга қўшиламан. Лекин буни санъаткорларнинг ўзи тушуниб етмаса, ҳар қанча гап бефойда. Шахсан мен спиртли ичимликлар истеъмол қилмайман, чекмайман ҳам. Шунинг учун бу мавзуда гапиришга ҳақлиман деб бемалол айта оламан.
 
— Сиз санъаткорлар орасидаги нимани қабул қила олмайсиз?
— Иккиюзламачилик, ҳиёнатни. Бугун бу ҳолат санъатда оддий ҳолдек қабул қилиняпти. Бир даврада ўтирган одамларингиз кетишингиз билан ортингиздан ғийбат қилишини қандай қабул қилиш мумкин? Мен бунга ўргана олмаяпман.
 
— Шоу-бизнесда одамгарчиликни ушлаб қолиш қийин.
— Тарбия ҳар нарсага даво. Мен ҳамма билан муносабатларда масофа сақлашга, бошқаларнинг ҳурматини жойига қўйган ҳолда, ўз ҳурматимни ҳам ерга урмасликка ўрганганман. Саҳнада санъаткор бўлганимиз билан, ташқарида оддий одаммиз. Буни гапириш жуда осон ва бу гапларни истаган санъаткорингиздан эшитишингиз мумкин. Гап бу ҳақда нутқ сўзлашда эмас, аксинча, амал қилишда. Мен ҳаётим давомида маълум талабларим ва принципларимга амал қилиб яшадим. Дўстликка ҳиёнат қилмадим, ҳеч кимдан кечмадим ва бу энг катта фахрлана оладиган ютуғим.
Қамариддин Шайхов
Фотомухбир Миржамол Абзалов

Теглар:Карен Гафуржонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!