Китоблар сотувга чиқарилди ва у омма – Жаннанинг мухлислари томонидан илиқ кутиб олинди. Табиийки, китоб учун муаллиф ўз гонорарини олиши керак.
Китоблар сотувга чиқарилди ва у омма – Жаннанинг мухлислари томонидан илиқ кутиб олинди. Табиийки, китоб учун муаллиф ўз гонорарини олиши керак. Бироқ Дмитрий Шепелев китоб учун бериладиган қалам ҳақи ва китоб савдосидан тушадиган пулларни олмасликка қарор қилди. Бошқача қилиб айтганда, Шепелев бу пуллардан воз кечди. Бу ҳақда “Zvezdi.ru” нашри хабар бермоқда.
Балки, бундай ният Дмитрий Шепелевда аввал ҳам бўлгандир, бироқ унинг бу қадами телебошловчининг китоб ёзиб ўзини оқлаб олиши, китобдан тушадиган пулларга эгалик қилишни исташи ҳақида айтилган турли ғийбатларга парво қилмай кетиш билан баробар бўлди, десак муболаға бўлмайди.
“Бир неча кун аввал, “Жанна” китобининг чоп этилгани муносабати билан илк бор китобхонлар билан учрашдим. Тўғрисини айтганда, улар билан белгиланган учрашувга бориш олдидан сўнгги дақиқаларгача, тўғри иш қилаётганимга шубҳа қилдим. Ахир мен машҳур севги тарихини ёзмадим, бу машҳур ёзувчининг тақдимоти ҳам эмасди.
“Жанна” – бағишлов! Шундай экан, омма билан учрашишимга сабаб бормикин, деган фикрда эдим. Бироқ адашган эканман. Мен илк бор, кимлар учун китоб ёзганимни кўрдим. Улар ичида саратон касаллигига чалинганлар, саратон ташҳиси қўйилган бўлсада, бу дарддан фориғ бўлганлар, уларнинг шифокорлари ва умуман ушбу китобни ўқиш истагида бўлган инсонлар бор эди.
Биз деярли 1,5 соат суҳбатлашиб ўтирдик. Меҳмонлар ўз бошидан ўтган воқеаларни сўзлаб беришарди, мен эса ўзимникини... Бу мен ўйлагандан ҳам илиқ, инсоннинг парчаланган қалби учун малҳам бўла оладиган учрашув бўлди. Раҳмат, сизга, азиз меҳмонларим...”, деб ёзади Дмитрий Шепелев ўзининг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Шу билан бирга телебошловчи, айни учрашувдан хулоса чиқаргани, 2 ва 10 декабрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилаётган китобхонлар билан навбатдаги учрашувларга розилик билдирганини айтган.
Маълумот учун, Жанна Фриске 2015 йил июнь ойида узоқ муддат давом этган мия саратони касаллиги сабаб ҳаётдан кўз юмганди. Ўғли Плутон эса отаси Дмитрий Шепелевнинг қарамоғида қолди.