
Туркияга дам олиш мақсадида йўл олаётган ўзбекистонлик сайёҳлар сони сўнгги йилларда ортиб бормоқда.
Туркия Республикаси Статистика қўмитаси чоп этган расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда Туркия автомобиль йўлларида 1 202 716 автоҳалокат содир бўлган бўлиб, 300 383 киши жароҳатланган ва 7427 киши қурбон бўлган. 2017 йилда автоҳалокат оқибатида вафот этган кишиларнинг 43,2 фоизи ҳайдовчилар, 34,2 фоизи йўловчилар ва 22,6 фоизи пиёдалардир. Автоҳалокатларнинг 67,4 фоизи кундуз куни, 30 фоизи кечаси ва 2,6 фоизи кун ботганида содир бўлган.

Юқоридагиларни хисобга олган ҳолда, шунингдек фуқаролар хафвсизлигини таъминлаш ва огоҳлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туркияга сайёҳ сифатида дам олиш учун йўл олаётган ўзбекистонлик сайёҳларга имкон қадар Тошкент – Анталия – Тошкент, Тошкент – Истанбул – Анталия – Истанбул – Тошкент авиақатновлари билан боришларини, Туркиянинг денгиз соҳилларида жойлашган дам олиш масканларидаги шаҳарларига Истанбул шаҳридан автобус ёки микроавтобуслар билан бориш истаги бор сайёҳларга имкон борича фақат кундузги вақтларда йўлга чиқишларини ва ҳайдовчининг ҳолати ва соғлигига эътибор беришларини (узоқ йўлларда қоида бўйича иккита ҳайдовчи бўлиши керак) тавсия этган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Туркияга сайёҳ сифатида, дам олиш мақсадида йўл олаётган ўзбекистонлик сайёҳлар сони сўнгги йилларда ортиб бормоқда. Таътил учун сайёҳлар энг кўп борадиган шаҳарлар Истанбул, Бодрум ва Анталия шаҳарларидир.
Ўтган йилдан бошлаб ёзги таътил вақтлари Тошкент ва Анталия ўртасида Ўзбекистон ҳаво йўлларининг чартер рейслари ҳам йўлга қўйилган бўлиб, жорий йилнинг 23 май санасидан 19 сентябрь санасигача 57 та чартер рейслар амалга оширилган.