Самарқандда 42-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Диана Еникеева “КАМАЗ” уриб юбориши натижасида оламдан ўтган эди.
Аниқланишича, М.Музаффаров Каттақўрғон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда туман ҳалқ таълими бўлими мудири А.Жуманазаровлар, 2018 йилнинг 13-14 март кунлари Каттақўрғон туманида фаолият олиб борувчи 98 та мактаб ва 12 та касб-хунар коллежи директорларига улар раҳбарлик қилувчи ўқув муассасаларининг ўқитувчи ва техник ходимларини Каттақўрғон туманининг Алижон, Олмазор, Навбаҳор, Зарқўрғон, Зарафшон, Қорадарё, Яккабоғ маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи, жами узунлиги 14 км бўлган М-37 “Самарқанд-Бухоро” автомобиль йўлининг қатнов қисми ва атрофларида ободонлаштириш ишларини бажаришга ноқонуний равишда жалб қилган.
2018 йил 14 март куни соат 11:30 да тумандаги М-37 “Самарқанд-Бухоро” автомобиль йўлининг “Алижон” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 66 километрида “Бухоро-Самарқанд” йуналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган А.Элмуродов бошқарувидаги “КАМАЗ” юк машинаси олд чап қисми билан йўлнинг қатнов қисмини иккига бўлувчи бетон тўсиқлари атрофини тозалаётган 42-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Еникеева Диана Александровнани уриб юборган ва у олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Дастлабки тергов натижасига кўра, 2018 2 май куни Каттақўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари М.Музаффаров ва туман ХТБ мудири А.Жуманазаровларга нисбатан ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, 4 май куни жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 10 май кундаги ҳукми билан М.Музаффаров ва А.Жуманазаровлар жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бири ЖКнинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва 2 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари, иш ҳақидан 20 фоиз давлат фойдасига ундириш тарзидаги жазо тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Диана Енекеева фаолият юритган 42-умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимидан озод этилган эди.