Консуллик томонидан ўлим тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириш консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан амалга оширилади.
Шахс хорижий давлат ҳудудида вафот этган тақдирда, вафот этган шахснинг унинг жасадини ёки хокини Ўзбекистон ҳудудида дафн этиш тўғрисидаги хоҳиш-иродасини бажариш, шахсга ўлим ҳақидаги гувоҳномани, жасадни олиб кетиш учун рухсатномани, йўл ҳужжатларини, шу жумладан давлат чегараларини кесиб ўтишга доир ҳужжатларини олишга кўмаклашиш қисмида кафолатланади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали ёзмоқда.
Ўзбекистон фуқароси ёки Ўзбекистоннинг йўл ҳужжатига эга фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистондан ташқарида вафот этганда, ўлимни рўйхатга олиш консуллик округи ҳудудида марҳум яшаган ёки ўлим юз берган мамлакатда жойлашган консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.
Ҳаво ёки денгиз кемасида юз берган ўлимни рўйхатга олиш ҳаво кемаси қўнадиган ёки денгиз кемаси келадиган мамлакат консуллик округига кирадиган консуллик муассасаси томонидан амалга оширилади.
Консуллик томонидан ўлим тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириш консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан амалга оширилади.
Фуқаронинг ўлими тўғрисидаги ариза қариндошлари, яқинлари ва бошқа шахслар томонидан уч суткадан кечикмай тақдим этилади.
Ўлимни қайд этиш учун консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- хорижий тиббий хулоса ёки ўлим ҳақидаги гувоҳнома;
- паспорт, йўл ҳужжати ёки вафот этганнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, ёхуд уларнинг нусхаси;
- 16 ёшгача вафот этган шахслар учун – паспорт, йўл ҳужжати ёки туғилганлик ҳақида гувоҳнома.
Вафот этган шахснинг жасадини ёки хокини Ўзбекистонга транспортда ташиш учун консуллик муассасасига қуйидагилар тақдим этилади:
- хорижий ваколатли органларнинг жасадни ёки хокини транспортда ташиш ва мамлакатдан олиб чиқиш бўйича рухсатномаси;
- йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) ёки ҳуқуқбузарлик оқибатида ўлим юз берганда –воқеа жойида тузилган баённома ёки хулоса;
- юқумли касаллик мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида маълумотнома;
- транспортда ташиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар (мавжуд бўлса).
Тақдим этиладиган барча чет эл ҳужжатлари ўзбек ёки рус тилига таржима қилинган ва консул муҳри билан шаҳодатланган бўлиши лозим.
Дафн бюроси жасадни транспортда ташиш бўйича барча зарур тадбирларни амалга оширади, шу жумладан жасадни санитария-гигиена жиҳатидан тайёрлайди шунингдек имкони бўлса, зарур диний маросимларни ўтказади.
Ҳаётлик чоғидаги хоҳишига ёки васиятномасига кўра Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вафот этган чет эл фуқароларини олиб келиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўмишга рухсат берилади.
Одатда, улар собиқ ватандошлар, Ўзбекистон Республикаси билан тарихий қариндошлик алоқаларига эга бўлган бошқа шахслар бўлиши мумкин.