“Конспект”. Ташқаридан қараганда талабанинг асл билимини белгилаб берадиган воситага ўхшайди
Таълим тизимимизда муаммолар ва камчиликлар шунақа кўпки, қайси биридан бошлашни ҳам билмайман. Ютуқларимиз ҳам бор-ку дейишга шошилманг. Чунки муаммоларимиз олдида ютуқларимиз денгиздан томчидек гап.
Келинг, гапни чўзмай бу сафар тақдири сиз-у бизга қоронғу бўлган “конспект”, яъни қоралама ҳақида гаплашамиз.
Келинг, гапни чўзмай бу сафар тақдири сиз-у бизга қоронғу бўлган “конспект”, яъни қоралама ҳақида гаплашамиз.
“Конспект” ўзи нима?
“Конспект”. Ташқаридан қараганда талабанинг асл билимини белгилаб берадиган воситага ўхшайди. Аслида-чи?
ОТМларда бу борада талабаларнинг норозиликлари кундан кунга ортиб боряпти. Нега дейсизми? Ўзига керак бўлмаган мавзуни фақатгина ўқитувчининг талаби билан “конспект қилиш”, етмаганига қалин-қалин дафтарларни тўлдириш кимга ҳам ёқади. Унга кетган вақтга қанча керакли ишга улгуриш мумкин, ахир.
Хуллас, бизни эскитдан қолган, фойдасидан кўра зарари кўпроқ тегадиган бир одатимиз бор. Яъни “Салла деса калласи билан қўшиб олиб бориш” ни хуш кўрамиз. Ҳа нима, эртага калласини сўраса оввора бўлиб ўтирамизми?! Шунинг учун ҳам талабанинг билимини баҳолашга тўғри келиб қолса, бу ишни биринчи бўлиб уюм-уюм сўзлар, ранго-ранг қилиб ёзилган дафтарларни текширишади. Охирида ким аълочи? Албатта, интернетдан истаган маълумотни олиб, маъруза матнларидаги ғалати, тушунар-тушунмас гапларни кўчириб, етмаганига вароқ тўлиши учун ҳар бир сўз орасига бир мушт сиққудек жой ташлаб “конспект” қилган талаба аълочи. Чунки у кўп ёзган (ичида ҳеч бўлмаганда бир бет ўз фикри ёзилган бўлса ҳам майли). Келган ҳар қандай текширув ҳам шунга асосланиб натижани ё ижобий, ё салбий баҳолаб кетаверади-да.
Кўр-кўрона “конспект ёзишга” кетадиган вақтни ҳисоблаб кўрамизми?
Дейлик бир семестр давомида 11 та (балки ундан ҳам кўпроқ) фан ўтилса, шундан камида 9 таси учун доимий “конспект” ёзиш талаб қилинади. Яна бир ёки икки бет эмас, 2 варақдан 10 вараққача. Агар бир мавзу доирасида 3 варақ “конспект” ёзишга 45 дақиқа (маълумот топиш, ўқиб кўриш ҳам шу вақт ичига киритилган) сарфланса, 9 та фаннинг ҳар бирига 3 варақдан “конспект” ёзиш учун 6 соат 45 (ўрта ҳисобда) дақиқа керак бўлади. Ярим ўқув йили давомида битта фандан 15 маротаба (маъруза ва семинар биргаликда) дарс ўтилса, 101 соат 15 дақиқа, яъни 4-5 кунимиз “конспект” ёзишга кетиб қолар экан. Ўзингиз ўйлаб кўринг-а! Бесамар кетган бу соатларда қанча керакли иш қилишимиз мумкин эди. Агар журналист ҳар куни биттадан мақола ёзса, камида 200.000 сўм гонорарли бўлиб қолади. Хорижий тилни ўрганаётганлар бу вақтда 250-300 та янги сўз ёдлаб, луғат бойлигини кенгайтиришга ёки тиббиёт ОТМларида ўқийдиганлар 2-3 та касалликни даволаш йўлларини ўрганишга эришар эди. Лекин...
Ҳой қиз! Журналистман деб ақллилик қилаверма дейишга шошилманг. Чунки бу ҳали бошланиши. Мен ҳам фақат эшитганимга эмас, кўрганимга, билганимга, ўқиганимга таяниб ёзаман.
“Уюм-уюм “конспект” ёзишнинг нима зарари бор?”
ОТМларда айрим ўқитувчилар “конспект” ёзиш бўйича талабага меъёр белгилайди. Бир, икки бет бўлса ҳам майли. Беш, ўн варақ деганига нима дейсиз? Хўп, бечора талаба ухламай, ҳамма ишини бир четга суриб, шу “конспект”ни ҳам ёзди дейлик. Буни неча фоизи хотирасида қолади? Асл муаммо ҳам мана шунда. (!) Бизда кўп нарса мажбурий. Маъруза ёқмаса ҳам тинглаб ўтириш, ўқитувчи кераксиз мавзуда гапирса ҳам қимир этмай эшитиш, эртага амалий машғулотларда маърузанинг ғирт тескариси бўлган вазифаларни бажариш. Кечирасизлар-у бунақада ёш кадрлардан эркинликни талаб қилиш кулгули-ку. Бу худди дарёнинг тескари оқишини ёки ёзда қор ёғишини кутишга ўхшайди.
Кузатувлар шуни кўрсатдики, мажбурий “конспект” деган сафсатабозликдан қийналаётганлар барча ОТМда бор экан. Яқин кунларда “facebook” ижтимоий тармоғида шу мавзу бўйича кўпчилик талабаларнинг ёзган фикрларини ўқиб қолдим:
Ҳожиакбар Паттаев:
— “Конспект”лар оддийгина қилиб айтганда, китоб (интернет)даги маълумотларнинг қўлёзма шаклидан бошқа нарса эмас. Беҳуда иш.
Фериде Вафо:
— “Конспект” сўзи коллеж даврларимни эслатиб юборди. Бизни бир домламиз бор эди. Бутун китобни кўчиртириб, дафтарларимизни ўзларига олиб қолар эди .
Рисолат Хасанова:
— Ҳар сафар оралиқ назорат топшираётганимизда дафтарни тўлдириб ёзишимизни талаб қилишади. Ваҳоланки, бу ёзганларимизни жуда кўп устозлар ўқимайди. Шунинг учун гуруҳ билан келишиб, тезроқ тўлиши учун дафтарнинг орасидан вароқларни олиб ташлаймиз. Камдан–кам гуруҳдошларим ўз фикрини ёзади. Қолганлар эса тўғри келган манбадан кўчиради.
Ғулом Назаров:
— Биз “конспект” ёзишга мажбурмиз. Чунки келган текширувчилар ўқитувчидан фақат “конспект”, қабул қилинган мустақил иш, рефарат ва ҳоказоларни талаб қилади. Гўё ўқитувчиларда бу нарсалар бўлмаса, у дарс ўтмагандек.
Энг ёмони нима эканлигини биласизми? “Конспект” деган тушунча талабалар ўртасида “эркин ўзлаштириш” дан кўра “мажбурий меҳнат” деган тушунчага яқин бўлиб қолди. Бу ҳолат “конспектлар”га нисбатан ҳам мажбурий меъёрлар ўрнатилган вақтдан бошланди. Натижада қайсидир маълумотни тушуниб қайд этадиганлардан кўра, устоздан гап эшитмаслик, дафтарга ёзмаганлиги туфайли гуруҳдошлари ёнида изза бўлмаслик учун дуч келган жумлани кўчириб “конспект” ёзадиган талабалар кўпайиб кетди.
“Конспект” ёзишнинг ҳам фойдаси бор!
Юқоридаги фикрларни ўқиб, “конспект” деган “вақт ўғриси” ни умуман тизимдан олиб ташлаш керак деб ўйлаб қоласан киши. Лекин бу масалада ҳам холисликка амал қилиниши лозим. Чунки танганинг икки томони бўлганидек, “конспект” ёзишнинг ҳам ижобий томонлари бор.
Жуда кўп талабалар ўзи учун “конспект” ёзади. Маълумотларни дафтарнинг бир четига қоралаб қўйиш орқали хотирасида сақлайди. Муҳими ўқитувчи учун эмас, ўзига тушунарли бўлган шаклда ёзади. Бу билан имло хатоларсиз ёзишни, сўзни ўз ўрнида қўллашни ўрганади. Чунки маълумотни қандай ёзиш, хотирасида сақлаш бу талабанинг шахсий иши. Устознинг вазифаси эса билим бериш. Талаба олтинга тенг вақтини бекорга сарфлаб тўлдирган дафтарининг вароқларини санаш эмас.
Жуда кўп талабалар ўзи учун “конспект” ёзади. Маълумотларни дафтарнинг бир четига қоралаб қўйиш орқали хотирасида сақлайди. Муҳими ўқитувчи учун эмас, ўзига тушунарли бўлган шаклда ёзади. Бу билан имло хатоларсиз ёзишни, сўзни ўз ўрнида қўллашни ўрганади. Чунки маълумотни қандай ёзиш, хотирасида сақлаш бу талабанинг шахсий иши. Устознинг вазифаси эса билим бериш. Талаба олтинга тенг вақтини бекорга сарфлаб тўлдирган дафтарининг вароқларини санаш эмас.
Сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги учун нима қилиш керак?
Яхшиси, фанни қандай ўзлаштиришни талабаларнинг ўзига қўйиб бериш лозим. Муҳими, натижа бўлсин. Чунки 90 % ҳолатларда талабалар ўқиган маълумотларини керакли рақамлар, фактлар, қисқа жумлаларни ёзиб қўйиш орқали эслаб қолади. Дафтарни тўлдириб бири тоғдан, бири боғдан қилиб ёзишда эса ҳеч қандай маъно ва мантиқ йўқ. Буларнинг барчаси тўсатдан келиб қоладиган бир гуруҳ кўзойнак таққан, қўлига блокнот ва ручка кўтариб олган (негадир талабалардан кўра ўқитувчилар улардан кўпроқ ҳайиқишади), кириши билан давоматни, формани ва номига фан бўйича ёзилган маълумотларни (билим даражамизни эмас) текширадиган “комиссия аъзолари учун”. Ҳамма гап ана шунда. Улар мақташса бўлди. Талабанинг дарди, тизимдаги камчиликлар умуман аҳамиятсиз. Хуллас бундай ишларга менинг ақлим етмайди.
Хулоса ўрнида
Сени ким қўлингдан тутиб, мажбурлаб ёздиряпти? Истамасанг ёзма дейишингиз мумкин. Аммо вақти келиб ўша эски қарашлар туфайли олган билимингиз эмас, “алланималар” ёзибтўлдирган варақларингиз сони сизнинг даражангизни белгилаб қўйса, ноиложликдан сиз ҳам “конспект” ёзадиган бўлиб қоласиз.
Хуллас, “Қош қўяман деб кўз чиқариш” дея шу ҳолатни мисол келтирса арзийди. Чунки бинолар қайтадан қурилгани, жиҳозлар янгилангани, адабиётлар қисман кўпайгани билан тизим ўзгармади. Мажбуриятлар ўз ҳолича қолиб кетди. Талабага назарий енгиллик яратиш орқали амалий билимларни ошириш ўрнига босимлар икки баробар оширилди. Балки шунинг учун ҳам хорижда ўқишни истайдиганлар сони кескин ортиб кетаётган бўлса ажаб эмас.
Бу таълим тизимининг энг кичик муаммоларидан бири, холос. Ҳаммасини ёзиш, таҳлил қилиш учун вақт етмайдими деб қўрқаман. Чунки “конспект” ёзишим керак.
Манзура Сайфиддинова