Brexit кўплаб инвесторларга қаҳшатқич зарба берди. Ривожланган давлатларнинг фонд бозорлари рекорд даражада пул йўқотди.
Экспертларнинг сўзларига кўра, референдумдан кейин бир кун ўтгач, яъни 24 июнь санасида фонд бозорларидаги салбий ўзгаришларга бир қатор тижорат позицияларининг қисқа муддатга ёпилиши сабаб бўлди.
27 июнь санасида қимматли қоғозлар савдоси узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш фонида ўтказилди: инвесторлар қабул қилинган қарордан салбий натижаларни кутдилар, аммо натижа уларни ҳайратда қолдирди.
“Бу ерда диққатга сазовор жиҳат шундаки, жуда кам инвесторлар референдумнинг бундай оқибатларига тайёр эдилар”, дейди Convergex компаниясининг бозор бўйича катта стратеги Николас Колас.
Бошқа таҳлилчининг айтишича, референдум натижалари жаҳон молия бозоридаги ўзгарувчанликни тезлаштирди ва инвесторларнинг ўз активларини ҳимоя қилиш ҳаракатига сабаб бўлди.
Хабарда ёзилишича, Буюк Британиядаги референдум натижалари сабабли ривожланган мамлакатларнинг фонд бозорлари 2.8 триллион АҚШ доллари йўқотди, ривожланаётга давлатларнинг бозорлари эса 179 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар кўрди.
Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни Буюк Британияда ЕИда қолиш ёки ундан чиқиб кетишни аниқлаш мақсадида умумхалқ референдуми ўтказилди. Британияликларнинг 51.9 фоизи ташкилотдан чиқишни ёқлаб овоз берди. Шундан сўнг, нафақат фонд бозорларида, балки Буюк Британиянинг миллий валюта курсида салбий ўзгаришлар кузатилди.