Когон туман давлат солиқ инспексияси ходимлари томонидан Сиёз-поён қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Жамшира Фармоновага тегишли савдо дўконида қисқа муддатли назорат тадбири ўтказилган.
Қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида Когон туман давлат солиқ инспексияси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ҳудуддаги Сиёз-поён қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Жамшира Фармоновага тегишли савдо дўконида қисқа муддатли назорат тадбири ўтказилган. Натижада Ж.Фармонованинг давлат рўйхатидан ўтмасдан, тегишли ҳужжатсиз фаолият юритиб келаётгани аниқланган.
Мазкур ноқонуний савдо дўконида тўлов терминали ҳамда назорат касса машинаси ҳам ўрнатилмаган. Савдо дўкони ғазнасидаги нақд пуллар саноқдан ўтказилганда эса жами 300 минг сўмга яқин нақд савдо пуллари борлиги аниқланган. Бундан ташқари, “уддабурон” тадбиркор 6 млн 150 минг сўмлик 86 турдаги кирим ҳужжати ва сифат сертификати бўлмаган товарларни савдо пештахтасига қўйгани ҳам маълум бўлган.
Хабарда келтирилишича, сотувга чиқарилган товарларнинг аксарият қисми Когон туман давлат санитария назорати ва эпидемиология маркази томонидан инсон ҳаётига ножўя таъсир кўрсатиши билан хулосаланган.
Шу сабаб Жамшира Фармоновага тегишли дўконнинг ноқонуний савдо фаолиятига чек қўйилди.