Ўтган ҳафта давомида жами 228 та, шундан 17 та юридик ва 211 та жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинди
Ушбу мурожаатларнинг аксариятида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида савдо қоидаларининг бузилгани ҳамда тўловларни банк пластик карточкалари орқали амалга оширишда ҳисоб-китоб терминал аппаратлари ишлатилмаётгани, харид чеки бермаслик ҳолатлари қайд этилган.
Жумладан, Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармасининг “Ишонч телефони”га вилоят ҳудудидаги айрим автомобилларга ёқилғи қуйиш шоxобчалари (АЁҚШ)да ёқилғи-мойлаш маҳсулотларининг сунъий равишда етишмовчилигини юзага келтириш, ёқилғиларни ноқонуний равишда ва ностандарт идишларда сотиш, назорат-касса машинасидан фойдаланмаслик, тўлов терминали орқали ҳисоб-китоб қилинганда устама нарx қўйиб сотиш ҳамда шохобчада бензин маҳсулоти бўлса-да, сотишдан бош тортиш ёки рад қилиш ҳолатлари ҳақида мурожаат келиб тушган.
Ушбу мурожаат асосида вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан Бухоро тумани Шергирон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Қутисос” масъулияти чекланган жамиятига қарашли АЁҚШда ўтказилган текширишда ҳақиқатан ҳам АЁҚШ оператори А.Муқумов томонидан харидорга 8,6 литр бензин маҳсулотининг ҳар литрини 3300 сўмдан 28 минг сўмга, яъни ҳар бир литр бензин нархига 500 сўмдан устама нарх қўйиб сотилаётгани аниқланди. Бундан ташқари, у харидорга шохобчада ўрнатилган назорат-касса машинасининг харид чекини ҳам бермаган.
Шохобчада ўрнатилган назорат-касса машинасининг кунлик ҳисоботи билан шохобча кассасидаги тушум солиштирилганда жами 3 миллион 165 минг сўм кунлик нақд савдо пуллари назорат-касса машинаси хотирасига киритилмагани аниқланган.