БМТ ва Глобал экологик жамғарма Қоракўл ва Зомин туманларида экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда.
Қоракўл туманининг кўп қисми чўл бўлганлиги сабабли мутахассислар кўк терак, қайрағоч, тут, айлант, оқ акация, япон софораси каби дарахтларни экишни тавсия этишади. Мева дарахтларидан эса балх тути, шотут, чилонжийда, ўрик, беҳи, нон жийда, ток яхши ўсади.
Лойиҳа доирасида турар-жой ҳудудлари атрофига экиш учун бу ердаги аҳолига 25 минг дона кўчат ва тез ўсувчи турк тераги қаламчалари бепул тарқатилмоқда. Бу ҳақда ЎзА ёзади.
Зомин тумани эса тоғ ва тоғ олди ҳудудда жойлашган. Айни вақтда бу ерга 5 минг туп ёнғоқ, 5 минг туп бодом, 5 минг туп чилонжийда ва 20 минг туп писта кўчатлари экилмоқда. Шунингдек, яна 40 минг дона турк тераги қаламчаларини экиш мўлжалланган.