Биз мазкур масалада тўлиқроқ маълумот олиш учун журналист Нозима Воҳидова билан боғландик.
Биз мазкур масалада тўлиқроқ маълумот олиш учун журналист Нозима Воҳидова билан боғландик. Муаллифнинг маълум қилишича, кўрсатув бугун, 20 июль куни соат 20:05 да намойиш этилади.
“Учбурчак”нинг навбатдаги сони “Санъат қурбонликни талаб қиладими?” мавзусига бағишланган бўлиб, унда Шаҳзода Муҳаммедова ва Дилором Омонуллаева ўртасида бўлиб ўтган воқеалар ҳақида лавҳани эфирга узатишни мақсад қилганмиз. Кўрсатувга Шаҳзода Муҳаммедова келмади, Дилором Омонуллаева эса ўзи ҳақида бошқалар гапиришини айтди. Актрисанинг интернет тармоқларда тарқалган интервьюси ҳам кўрсатувдан ўрин олган”, дейди журналист Нозима Воҳидова.
Маълумотларга қараганда, бўлиб ўтган воқеалар бўйича интервью бериш учун маданият ва санъат оламининг кўплаб вакилларига мурожаат қилинган. Шулар орасидан фақатгина Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова, Ўзбекистон давлат консерваторияси Бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси мудири, доцент, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Ойдин Абдуллаева, “Ниҳол” мукофоти совриндори Мадина Мумтоз интервью беришга розилик билдиришган. Машҳурбек Раимжонов ва яна кўплаб таниқли санъаткорлар мавзуга аралашишдан бош тортишган.
Эслатиб ўтамиз, актриса Шаҳзода Муҳаммедова Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, бастакор Дилором Омонуллаевани ёшларга қўпол муносабатда айблаб, ҳақорат қилган эди. Муҳаммедова ўз иддаоларида Омонуллаевани разил инсон, руҳий касал деб, пора олишига шаъма қилди.