...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бугун финал! Ўйин олдидан мураббийлар қандай фикр билдиришди?


11:01, 04.12.2017 Спорт
 2 489

Ғолибга кубокни топшириш учун ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа Тошкентга етиб келган.

Бугун, 4 декабрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон Кубоги-2017 финал учрашуви бўлиб ўтади.
 
Муҳим финал ўйинида “Бунёдкор” ҳамда “Локомотив” жамоалари баҳс олиб боришади.
 
Кеча, 3 декабрь куни мазкур учрашув олдидан ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
 
Анжуманнинг дастлабки қисмида “Бунёдкор” бош мураббийи Миржалол Қосимов иштирок этди.
 
“Бунёдкор” жамоаси финал ўйинига жуда жиддий эътибор қаратган. Сабаби ушбу совринга сўнгги бор эга чиққанимизга ҳам бир неча йил бўлиб қолди.
 
Қолаверса, ортда қолган мавсумда чемпионатда медалларсиз қолдик. Шунингдек, Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этиш учун ҳам Кубок финалида ғалаба қозонмасак бўлмайди.
 
Таркибимизда ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг аксарияти ҳали совринларга эга чиқмаган.
 
Бу эса улардаги иштиёқни оширади. Ҳар қандай футболчи ҳам фаолияти давомида турли совринларга эга бўлишни истайди.
 
Биз яқинда “Локомотив”га қарши чемпионат доирасида ҳам ўйин ўтказдик. Бу жамоа – жуда кучли.
 
Таркибида маҳоратли футболчилар талайгина. Шу боисдан биздан тезкор ва ақлли ўйин кўрсатишимиз талаб этилади. Агар бехато ўйнасак, мақсадга етамиз, - дейди Миржалол Қосимов.
 
Анжуманнинг иккинчи қисмида “Локомотив” бош мураббийи Андрей Микляев ва жамоа сардори Тимур Кападзе иштирок этишди.
 

 
- Иккинчи йил кетма-кет мамлакат кубоги финал ўйинида иштирок этяпмиз. Бундан хурсандмиз.
 
Финал ўйинга ҳам катта умид боғлаганмиз. Биз ўйин вақтида ғалабага эришмоқчимиз. Шу сабабли пенальтилар баҳсига тайёргарлик кўрганимиз йўқ.
 
Майдон ҳолати яхши эканига ишонаман. Фақат жамоалардан майдонга чиқиш ва чиройли ўйин кўрсатиш талаб этилади”, - дейди Андрей Микляев.
 
“Финал ўйини ҳар икки жамоа учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Ким кучли ва тартибли ўйин кўрсатса, ўша клуб ғалабага эришади.
 
Финал ўйини мен учун фаолиятимдаги сўнгги ўйиним бўлади. Умид қиламанки, совринга эга чиққан ҳолда бутсиларимни михга иламан”, - дея сўзларини якунлади Тимур Кападзе.
 
Эслатиб ўтамиз, “Бунёдкор” – “Локомотив” ўртасидаги финал ўйин, бугун, 4 декабрь куни “Бунёдкор” стадионида соат 15:00 да бошланади. Ўйинга кириш бепул.
 
Ғолиб жамоага кубокни топшириш учун ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа Тошкентга етиб келгани ҳақида аввалроқ хабар бергандик.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Ўзбекистон кубоги Бунёдкор Локомотив финал 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!