Террорчилардан бири Брюсселнинг Дрис кўчасида бошқа исм остида яшаб келган.
Маълумотларга кўра, ака-укалар Холид ва Иброҳим Бакрауи Брюсселда яшаганлар. Бельгия хавфсизлик ходимлари уларни “Завентем” аэропортидаги терактни амалга оширган ҳудкуш террористлар эканлигини аниқлади.
Улардан бири Холид шаҳарнинг Дрис кўчасида бошқа ном остида квартира олган. Мазкур кўчада 15 март куни полиция билан отишмалар бўлиб, натижада квартирадан Салоҳ Абдусаломнинг излари топилган эди. Бу воқеадан уч кун ўтгач, 18 март куни Салоҳ қўлга олинди.
Аввалроқ, Бельгия ОАВлари ва бошқа чет эл нашрлари Брюсселдаги терактларни Салоҳ Абдусаломнинг ҳибсга олингани билан боғлаган эдилар.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бельгия полицияси портлаш юз берган аэропортнинг кузатув камералари орқали учта шубҳали шахсни аниқлаган эди. Унга кўра, шубҳали шахслардан бири, 25 ёшли Нажим Лаачраоуни эканлиги ва у Салоҳ билан Париждаги терактларни ташкиллаштирган бўлиши мумкинлиги айтилган эди. Қолган икки шубҳа остидаги шахслар эса портлашда вафот этгани хабар қилинган эди.