Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан бозор раҳбарларига ва масъул ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 8 январдаги “Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1257 сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан Бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти фаолияти бўйича жорий йилнинг 1 апрелига қадар 63 та назорат тадбири ўтказилган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 30 ҳолатда ўз вақтида банкка пул топширмаслик, 61 ҳолатда пул ундириб патта ёки чек бермаслик, 25 ҳолатда тўлов терминалларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, 13 ҳолатда юридик ва жисмоний шахсларга объектларни ижара шартномаси тузмасдан бериш каби қоидабузарликлар аниқланди. Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан бозор раҳбарларига ва масъул ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига турғун савдо шохобчаларида ҳамда савдо расталарида ўтказилган 2.772 та назорат тадбирида ҳуқуқбузарлардан ноқонуний савдога қўйилган жами 8,4 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар, шу жумладан 272,1 млн сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари далилий ашё сифатида вақтинча олиб қўйилган.