...
МЕНЮ
ONLINE TV

Бош вазир: “Ҳаммамизнинг борар жойимиз бир!”


10:56, 14.08.2018 Жамият
 9 303

Бош вазир бу мавзуга узоқ тўхталаркан, Муҳаммад (С.А.В.) давридаги бир воқеани ёдга олди.

“Бир пайтлар маҳалла раислари эшик тақиллатиб келарди: Сомон, андава, челак олиб чиқинглар, қабристонларда ҳашар қиламиз. Ҳозир қайси маҳалла раиси шунақа деб юрибди. Ҳаммамизнинг борар жойимиз бир. Бу оддий ҳақиқатни ёддан чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бугун, 14 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишади.
 
Ҳукумат раҳбари умумхалқ хайрия ҳашари халқимизнинг азалий қадрият, урф-одати эканини айтиб, бунинг ёшлар тарбиясида аҳамияти катта эканини такрор ва такрор таъкидлади:
 
“Ҳашар кунлари жиддий эътибор қаратишимиз керак бўлган яна бир муҳим масала – бу қабристон ва зиёратгоҳларнинг тозалиги масаласидир.
 
Ҳашар кунлари маҳалла вакиллари жамоатчиликни фаол жалб этган ҳолда муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабристонларни ҳамда уларга ёндош кўчаларда ободонлаштириш ишлари ташкил этсалар мақсадга мувофиқ бўлади.
 
Қабристонларни, муқаддас қадамжолар ва зиётаргоҳларни обод этиш – халқимизнинг энг олий фазилати экан, бу савобли ишга ўта жиддий ёндашишларингизни сўрайман”.
 
Бош вазир қабристонларни ҳайит куни эмас, балки байрамгача тозалаб, обод қилиш кераклигини айтаркан, Фарғонадаги хунук ҳолатга тўхталди.
 
“Интернетда Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкали ортидаги рус христианлари мозори суратларини кўрдим. Мозорда ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган, қабрлар нураб ётибди.
 
Авваллар ҳам Россия билан дўст эдик. Лекин расмий ташрифлар якунига етгач, ҳамма иш ортга кетарди. Ҳозир бундай эмас-ку. Дўстлик алоқалари, олди-бердимиз кун сайин ривожланяпти. Бу қабристонларни ҳам ҳашар йўли билан тозалаб, обод қилишимиз керак. Яна бир бор айтаман: ҳаммамизнинг борадиган жойимиз бир. Қолаверса, қабристонлардаги ободлик халқнинг, миллатнинг маънавиятини яққол ифода этади”.
 
Бош вазир бу мавзуга узоқ тўхталаркан, Муҳаммад (С.А.В.) давридаги бир воқеани ёдга олди.
 
“Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) саҳобалари билан ўтирганларида ёнларидан яҳудийларнинг тобутини кўтариб ўтиб қолишади. Пайғамбаримиз ўринларидан турадилар. Шунда у кишидан нега турганларини сўрашади. Муҳаммад (С.А.В.) эса “Бу ҳам инсон, бу ҳам Яратганнинг ёнига кетяпти”, деб жавоб қайтарадилар.
 
Мен Фарғонадаги қабристонни кўриб, ранжидим. Аслида бу маҳаллаларнинг иши. Маҳалла раислари бош бўлиб, хилхоналарни ободонлаштиришга чорлаши керак”, дейди Абдулла Арипов. 
Қамариддин Шайхов,
“Qalampir.uz” интернет нашри раҳбари 

Теглар:Абдулла Арипов Видеоселектор Умумхалқ хайрия ҳашари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар