Қўнғироқлар сони ортиб бораётганлиги сабаб операторлар сони кўпайтириляпти.
Хусусан, 19 октябрь куни биргина 1000 рақамига 1 сутка ичида қўнғироқлар сони 19 мингдан зиёдни ташкил этди. Айтиш керакки, буларнинг барчаси фақат мурожаатлар эмас, балки мурожаатларнинг ҳолатини аниқлаш билан ҳам боғлиқ қўнғироқлардир.
Алоқа ва хизмат сифатини яхшилаш мақсадида айни пайтда қўшимча операторлар жалб этилмоқда. Қўнғироқлар кўп бўладиган вақтларда навбат кутиш ҳолати ҳам учраб турибди. Шу сабаб ҳам имконият даражасида “Pm.gov.uz” сайти орқали мурожаат йўллаш мақсадга мувофиқдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Бош Вазирнинг виртуал қабулхонасига қабул қилинаётган ҳар бир мурожаат у арзимас муаммо бўлса-да, энг қисқа вақт ичида ҳал қилиб берилмоқда. Ҳар бир мурожаатнинг натижаси Бош Вазир номига Facebook ижтимоий тармоғидаги очилган саҳифа орқали ёритиб борилади. Бундан ташқари, 20 октябрь куни “Тошкент” телерадиоканали орқали “Мурожаатдан сўнг” номли дастур эфирга узатилиб, унда виртуал қабулхона билан боғланган фуқаролар иштирок этишди ва ўзларининг муаммоларига ечим топилгани ҳақида сўзлашди.