Мактабда эркак ўқитувчилар бўлса, болаларнинг нафақат таълими, балки тарбиясида ҳам ижобий натижага эришиш мумкинлигини айтди.
Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган Халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг устувор масалаларига қаратилган видеоселектор йиғилишида мактабларда эркак ўқитувчиларнинг тобора камайиб кетаётгани масаласига эътибор қаратилди.
Бош вазир ўқитувчиларнинг обрўси тушиб кетгани, ойлик маоши ҳам камлиги, бунинг оқибатида эркак ўқитувчилар соҳада ноёб бўлиб бораётганини қайд этаркан, мактабда эркак ўқитувчилар бўлса, болаларнинг нафақат таълими, балки тарбиясида ҳам ижобий натижага эришиш мумкинлигини айтди:
“Эркак киши бор жойда тарбия бўлади. Афсуски, бугун соҳада эркаклар жуда камайиб кетди.
Ўқитувчилар муносиб ойлик маоши олмагани учун кўплаб кучли педогоглар соҳадан чиқиб кетди. Бу энг катта йўқотишларимиздан бири. Шунинг учун бу соҳада муносиб тўлов тизимини, албатта, жорий қиламиз”.
Ҳукумат раҳбари сўзида давом этаркан, ўқувчиларни тартибга ўргатиш масаласига ҳам тўхталди. Бундан 7 йил аввал қўлланилган амалиётни ёдга олди.
“Яқинда Сергели туманидаги мактабга бордим. Мактаб директори бундан 7 йил аввал экилган 1200 туп теракни кўрсатди. Мактабда болалар меҳнатга ўргатилган, ҳар бир дарахт ўқувчиларга бириктириб берилган. Кунига жуда бўлмаганда сув қуяди. Буни ҳам одамлар мажбурий меҳнат, деб баҳолаши мумкин. Йўқ, бу мажбурий меҳнат эмас, аксинча, болаларни интизомга ўргатиш. Ҳолбуки, бундай амалиёт дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги мактабларнинг экологик ҳаракатларида учрайди. Мактаб болаларнинг уйи. Биз шуларни уқтиришимиз керак”, дейди Абдулла Арипов.