Барча кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Бу ҳақда бугун, 29 март куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида хабар берилди.
Сенаторлар ишни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитишдан бошладилар.
Ҳисоботда қайд этилишича, назорат тадбирлари давомида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари бузилган 19 752 та ҳолат, шу жумладан, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашилган 129 та ҳолат, ноқонуний текширув ўтказилган 54 та ҳолат, ноқонуний қарорлар қабул қилинган 1 657 та ҳолат, ортиқча йиғимлар ундирилган 657 та ҳолат, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишда қонун ҳужжатлари бузилган 887 та ҳолат аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги телефон мурожаатларини қабул қилиш маркази томонидан 2016 йилда 103 063 та, тадбиркорлардан 3 394 та мурожаат қабул қилинди. Прокуратура органлари томонидан жами 194 817 та мурожаат кўриб чиқилди, 173 080 нафар фуқаронинг қабул қилиниши таъминланди.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.
Ҳисоботда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган қисқа даври мобайнида республиканинг 5 253 та маҳалласида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.
Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан олиб борилган назорат давомида 18 270 дан зиёд мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 400 дан ортиқ корхона ва ташкилотларга даъво киритилди, 4,13 млрд. сўм ундирилди.
2013–2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси атроф муҳитини муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастурини бажариш чоралари кўрилди. Оролбўйи минтақасини экологик соғломлаштириш бўйича чоралар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Орол денгизининг қуриб қолган тубидаги 76,1 минг гектар майдонда янги иҳота дарахтзорлари барпо этилди.
Сенат ялпи мажлиси давомида 21 та масала, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимини изчил ислоҳ қилишга, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришга қаратилган 9 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.