Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилади.
22 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисини шу йилнинг 28-29 март кунлари Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлиси кун тартибига мамлакат ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини босқичма-босқич ислоҳ қилишга ҳамда эркинлаштиришга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқаришга доир Давлат дастурини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ижро этишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилади.
Тўққизинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва Девони фаолиятини мувофиқлаштириш учун тегишли ишчи гуруҳ ташкил этилди.