Дарҳақиқат, спорт соҳасига оид йиғилишда Республика Бош прокурорининг иштирок этиши, ҳақли савол туғилишига сабаб бўлади.
Аввалроқ, йиғилишда иштирок этган Миллий олимпия қўмитаси президенти ва мамлакат футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроиловлар ўз фикрларини билдиришгани ҳақида ҳам аввалроқ, айтиб ўтгандик.
Бундан ташқари, спорт масаласига оид кенг кўламли йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов, Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари Бекзод Мавляновлар ҳам иштирок этишди.
Мазкур йиғилишда асосан Ўзбекистонда Олимпия захиралари коллежлари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари фаолияти ислоҳотларга мухтож эканлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, мактабгача таълим муассасалари ҳамда ўрта мактабларда жисмоний тарбия фани ва спорт тўгараклари талаб даражасида ўтилмаслиги каби муаммолар кўтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов эса йиғилишда сўзга чиқиб, спорт масаласидаги йиғилишга нима учун келганини тушунтириб берди.
“Яқин кунлар ичида муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан имзоланадиган қарорда сиз - соҳа мутахассисларнинг фикри ҳам инобатга олиниши керак.
Албатта, ҳақли савол тузилиши табиий. Нима учун Бош прокурор спорт масаласидаги йиғилишга келди?
Чунки, янги қарор ижроси айнан Бош прокуратура томонидан назорат қилинади. Бунинг учун катта ишчи гуруҳи тузилган.
Шу сабабли ҳам, мамлакат раҳбарининг топшириғи билан бу ерга келдим. Спорт тизимини тубдан ислоҳ қилиш, қайта кўриб чиқиш учун нималар қилишимиз лозим?
Янги қарор учун қандай қўшимчалар киритсак самарадорликка эришишимиз мумкин бўлади?
Марҳамат, ўз фикрингиз билан ўртоқлашинг”, - деди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонда спорт тизимини қайтадан кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаб ўтганди.