Электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш таъминланади.
Ушбу фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш;
- электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;
- энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;
- энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилиши устидан мониторинг ўтказиш;
- энергия ресурсларини сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишда иштирок этиш;
- энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўриш;
- комплекс таҳлил ўтказиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва мажбурий ижро тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш.