Мутахассисларнинг фикрича, она сутини эмиб вояга етган боланинг иммун тизими кучли бўлади, организмининг турли инфекцияларга қарши чидамлилик функцияси ортади.
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат, жамоат, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар иштирок этган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Д.Аҳмедова, БМТ Болалар жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Б.Арсланагич-Ибишевич ва бошқалар Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофазалашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Мутахассисларнинг фикрича, чақалоқни кўкрак сути билан озиқлантириш унинг келгуси камолотида муҳим ўрин тутади. Она сутини эмиб вояга етган боланинг иммун тизими кучли бўлади, организмининг турли инфекцияларга қарши чидамлилик функцияси ортади. Ўзбекистонда ушбу йўналишда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳаларга муносиб улуш қўшаётган қарийб юзга яқин тиббиёт муассасаси ЮНИСЕФнинг “Болага дўстона муносабатда бўлувчи шифохона” сертификатига сазовор бўлган. Кўкрак сути билан озиқлантиришни тарғиб этишда фаоллик кўрсатаётган мутахассислар халқаро сертификатлар билан тақдирланган. Тадбир доирасида яна иккита шифохона ва бир гуруҳ мутахассисларга ана шундай халқаро сертификатлар топширилди. Улардан бири Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидир.
Ҳафталик доирасида Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларида турли акциялар, соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилади.