Суриштирув жараёнларида аниқланишича, М.Маматқулованинг 11 йиллик иш фаолияти давомида камчилик кузатилмаган.
Маълум қилишларича, ушбу видео жорий йилнинг 27 март куни Жиззах шаҳридаги 39-сонли “Наврўз” мактабгача таълим муассасасида, ушбу боғчада ҳозирда амалиёт ўтаётган Жиззах давлат педагогика институти 1-курс талабаси Ш.К. томонидан суратга олинган ва ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборилган.
Видеоматериалда мазкур боғча тарбияланувчиларини қўлидаги файл папка билан ураётган тарбиячи эса шу боғчада 2007 йилдан буён ишлаётган олий маълумотли, педагог (Жиззах давлат педагогика институтини тамомлаган), 1981 йилда туғилган Моҳира Имматовна Маматқулова бўлиб чиқди.
Суриштирув жараёнларида аниқланишича, М.Маматқулованинг 11 йиллик иш фаолияти давомида камчилик кузатилмаган. Ўша куни у оилавий муаммолари туфайли асабийлашган ва кайфияти йўқлиги сабаб тарбияланувчиларни қўл ишлатиш йўли билан тинчлантиришга ҳаракат қилган.
МТВ ўтказган тезкор суриштирув якуни билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-қисмига биноан тарбиячи Моҳира Маматқулова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, қонуний чора кўриш учун Жиззах шаҳар прокуратурасига хужжатлар топширилган. Хозирда прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, мазкур мактабгача таълим муассасасининг мудираси вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида 2018 йилнинг 27 мартдан буён ишлаб келаётган Нафиса Гулмуротова, тарбиячи ёрдамчиси Дилбар Ҳамроева ҳамда ҳамшира Гулноза Холмаматовалар билан тузилган меҳнат шартномалари ҳам бекор қилинган.
Бугун, 31 март куни Жиззах шаҳрида Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти, Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси, туман ва шаҳар мактабгача тълим бўлимлари раҳбарлари, Жиззах шаҳридаги барча МТМ мудиралари ва тарбиячилари (жумладан “Наврўз” номидаги 39-сонли МТМ ходимлари) иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, бундай ноҳуш ҳолатларни такрорламаслик ва ҳар бир ходим ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилиш давомида ўз ишида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Жиззах шаҳар мактабгача таълим бўлими бошлиғи Фахриддин Қодиров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.