Афсонавий боксчи Муҳаммад Али 74 ёшида АҚШдаги Филикс шифохонасида жон берди.
Боксчи бир неча кун аввал нафас олиш йўлидаги муаммолар сабаб АҚШдаги Финикс шифохонасига ётқизилган эди. Кеча тунда Алининг аҳволи янада оғирлашди, афсуски, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмади. Муҳаммад Али 32 йил давомида Паркинсон касаллиги билан олишди, аммо ушбу дард уни барибир ҳаётдан олиб кетди.
Муҳаммад Али 1942 йилнинг 17 январида АҚШнинг Кентукки штати Луисвилл шаҳрида дунёга келган. Туғилганида унга Кассиус Клей деб исм беришган. Маҳаллий спорт тўгарагида суратга олинган фильмни кўргач, Али телевизорда чиқишни ва суратлари журналларда босилишини орзу қила бошлаган. Айнан мана шундан сўнг унда бокс билан шуғулланишга чинакам истак пайдо бўлган.
Йиллар давомида бокс билан профессионал тарзда шуғуллангач, у ярим оғир вазн тоифасида 1960 йилги XVII Ёзги Олимпия ўйинларида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган. Супероғир вазн тоифасида мутлоқ жаҳон чемпиони (1964—1966, 1974—1978) бўлган. 1963, 1972, 1974, 1975, 1978 йилларда жами 5 карра “Йил боксчиси” ҳамда 10 йилликнинг “Энг яхши боксчиси” сифатида эътироф этилган.
Вьетнамда ҳарбий хизматни ўташдан бош тортгач, Кассиус Клей бир зумда барча чемпионлик унвонларидан ажралди, шунингдек, уч йил давомида бокс жангларида қатнашиш имкониятидан ҳам маҳрум этилди. Кассиуснинг урушга боришдан бош тортишига сабаб, унинг инсонларни ўлдиришни тақиқловчи дин — Исломни қабул қилганлиги эди.
Ислом динини қабул қилгач, Кассиусга дастлаб Икс фамилиясини беришди. Кейинчалик эса унга тантанали равишда Муҳаммад Али исми берилди.
Профессионал спортдан уч йил узоқда юрган Али реклама ва спорт лойиҳаларида иштирок этиш орқали уч миллион долларга яқин пул ишлади. Бу давр мобайнида спортчи ва унинг агентлари Муҳаммад Алининг профессионал рингга қайтиши учун имконият излашди.
Бир марта у ҳайдовчилик гувоҳномаси мос келмайдиган автомобилни бошқаргани учун бир ҳафтага қамоқ жазосига маҳкум этилган. Муҳаммад Али ўз автобиографиясида бу даврни ҳаётининг энг ёқимсиз даври деб атарди.
Алининг катта спортга қайтиши профессионал фаолиятидаги илк мағлубият билан бошланди. “Аср жанги” деб аталган беллашувда у Жо Фрейзердан мағлубиятга учради. Реванш жангидаги Фрейзер устидан қозонилган ғалаба ва ёш Формандан чемпионлик унвонини қайтариб олиш имконияти Муҳаммад Алига куч бағишлади ва у бошлаган ишини ниҳоясига етказиб, барчанинг ёқимтойига айланганди.
Айни вақтда боксчини сўнгги манзилга кузатиш ишларига тайёргарлик бошланган.