Аксарият ҳолларда тадбиркорлар кунлик даромадининг 10 фоизинигина инкассация сифатида банкка топширади.
Тадбиркорлик субъектлари кундалик даромадининг маълум қисмини нақд пул шаклида банкларга инкассация сифатида топшириши керак. Аммо баъзи тадбиркорлар кундалик даромаднинг асл миқдорини яшириб, 10 фоизинигина инкассацияга топширади. Бунинг оқибатида тадбиркорларнинг “хуфёна иқтисод” сиёсати юзага келган. Айни вақтда ўз ишини олиб бораётган Халқаро пресс-клубда ана шу масалага тўхталиб ўтилди.
Тадбиркорларнинг “хуфёна иқтисод” сиёсати қачон тугайди? Терминаллар билан боғлиқ муаммолар қачон ҳал этилади? Шу каби саволларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Саидкамол Ходжаев жавоб берди:
Тадбиркорлик субъектларини терминал билан таъминлаш муаммо бўлгани ҳақиқат. Тадбиркордан сўралганда, у банкни айбдор дейди, банк эса яна бир ташкилотни. Бу масала бугун ўз ечимини топган. Ҳозир терминал билан боғлиқ муаммо деярли учрамайди. Шунингдек, пластик карточкадан савдо қилиш вақтида тадбиркорлар томонидан маҳсулотнинг нархи сунъий равишда оширилиш ҳолатлари ҳам деярли барҳам топган. Тадбиркорларнинг “хуфёна иқтисод” сиёсати масаласига тўхталадиган бўлсак, тадбиркорларда ҳуқуқий маданиятни кучайтириш орқали бу муаммога нуқта қўйиш мумкин. Яқинда ҳужжатларни кўздан кечириш чоғимда бир статистикага кўзим тушди. Сўнгги ойлар ичида тадбиркорлар банкка топширган пулларининг 40-45 фоизини қайтариб олишган. Бу балки тадбиркорлар учун арзимас кўрсаткич бўлиши мумкин, аслида эса бу ўтган йилларга нисбатан қаралганда, ижобий натижадир. Умид қиламизки, тадбиркорлар ўз вазифаларига виждонан ёндашган ҳолда даромадларининг маълум қисмини банкка топширишади.