Ушбу саволга “Ўзтрансгаз” АЖ Бошқарув раиси Шарифжон Турсунов жавоб берди.
Мутахассислар хорижий мамлакатларда, хусусан, Қозоғистонда ҳам газ ва электр энергияси нархи Ўзбекистондан қимматлиги, қолаверса, ижтимоий лимит кўплаб мамлакатларда аллақачон жорий қилинганини таъкидламоқда. Хўш, бу тизимни Ўзбекистон тажрибасида қўллаш, нархларни эса ошириш қанчалик тўғри? Ахир, маошлар у қадар юқори эмас-ку. (!) Ушбу саволга “Ўзтрансгаз” АЖ Бошқарув раиси Шарифжон Турсунов қуйидагича жавоб берди:
“Бутун дунёда энергетика ресурслари ўзаро таққосланади. Боиси, бу тизимда таққосламаса, оқим ўзгариб қолиши мумкин. Мисол учун биз газ нархини ўзгартирмасак, энергетикада ёки бошқа соҳада иқтисодий инқироз келиб чиқиш эҳтимоли бор.
Биз энергетикани тежашимиз керак. Тежаш ниманинг ҳисобидан бўлади? Кам таъминланган оила ёки энергетикани кам истеъмол қиладиган одамга имтиёзлар белгилаб, кўп сарфлайдиган одамга, масалан, 10 гектар иссиқхонани иситаётган ёки 10 сотихлик ҳовлида ҳовуз ва саунага қилган кишига бошқа, оддий истеъмолчига эса бошқа тариф бўлиши керак. Ана шунда тежамкорлик бўлади”.
Хўш, агар ижтимоий меъёр жорий қилинадиган бўлса, ҳисоблаш қандай амалга оширилади. Ҳисоблагичлар ўзгартириладими, бу кимнинг маблағи эвазига амалга оширилади? Ушбу саволларга “Ўзтрансгаз” АЖ раиси шундай дейди:
“Бу масала ҳозир муҳокама қилиняпти, холос. Биз халқнинг фикрини ўрганяпмиз. Биз шу йўлдан бориб, энергетикани тежашимиз мумкин. Ҳамма хизмат қиладиган корхоналарда тежамкорликни йўлга қўйиш икки нарх орқали амалга оширилади.
Биз бунга тайёр эмасмиз. Чунки иккита тарифда ҳисоблаб берадиган ускуна йўқ. Газ ҳисоблагич ҳали йўқ. Бу ускунани ўрнатганимиздан кейин тарифга кўра сарфланган энергетикани автоматик тарзда ҳисоблаб беради ва ким қайси нархда тўлашни белгилайди”.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев электр энергетикасидаги ишлар аҳволини чуқур таҳлил қилиш, соҳани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказган эди.