Раккада июнь ойида авиаҳужумлар ва ҳарбий операциялар оқибатида 170 дан зиёд киши ҳалок бўлди.
1. Венесуэлада ҳукуматга қарши ўтказилаётган норозилик намойишлари қурбонлари сони кундан-кунга ортиб бормоқда. 26 июль куни Мерида штатида 30 ёшли Рафаэль Антонио исмли эркак ҳалок бўлди. Шу тариқа тартибсизлик оқибатида вафот этганлар сони 100 нафардан ошди. Венесуэлада апрель ойидан буён норозилик намойишлари ўтказиляпти. Бунга Олий суд Миллий ассамблея ҳокимиятини чеклаганлиги намойишларга сабаб бўлмоқда.
2. 26 июль куни Американинг Юта штатида 1 моторли самолёт Огден шаҳридаги автомагистралга қулаб тушди. Хабарларга кўра, самолёт парвоз қилгач кўп ўтмай ҳалокатга учраган ва оқибатда 4 киши қурбон бўлди. Айни вақтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
3. Россия футбол иттифоқининг назорат-интизом қўмитаси Туланинг “Арсенал” клубини автобусдан нотўғри тушгани учун жаримага тортди. Хабарларга кўра, футболчилар ва клубнинг бошқа ходимлари автобуснинг олд ҳамда орқа эшикларидан тушиб келишган. Бу эса техник қоидаларга тўғри келмайди. Белгиланган тартибга кўра, спортчилар транспорт воситасининг фақат олд эшигидан тушишлари лозим. Жарима миқдори 10 минг рублни ташкил қилди.
4. БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш Суриянинг Ракка шаҳридаги вазият оғирлашиб бораётганлигини маълум қилди. Ташкилот сайтида келтирилган маълумотларга кўра, коалициянинг авиаҳужумлари ва ҳарбий операциялар оқибатида июнь ойида 170 дан зиёд киши вафот этган. Бош котибнинг айтишича, Ракканинг ИШИД босиб олган қисмида 30-50 минг киши бор. Ракка 2013 йилдан буён ИШИД назорати остида. Ушбу шаҳар террорчиларнинг норасмий пойтахти ҳисобланади.
5. 27 июнь эрталаб Япониянинг Тиба префектурасида жойлашган кимё заводида ёнғин содир бўлди. Маълум бўлишича, ёнғинда 3 киши жабрланган. Ҳозирча ёнғин сабаби номаълум.
Дурдона Расулова