Фильмнинг сифатли нусхаси картина катта экранларга чиққанидан бир ҳафта ўтиб қўл телефонлари ва дисклар орқали тарқалишга улгурди.
Рустам Саъдиев, фильм режиссёри:
— Фильмнинг диски тарқаб кетганидан хабарим бор. Бироқ видео "қароқчилар”нинг қўлидаги диск катта экранларда намойиш этилаётганидан анча фарқ қилади. Фильмнинг хомаки нусхаси бозорлар ва диск дўконларида сотиляптими ёки йўқ, бунисидан хабардор эмасман. Лекин бу ишлар шунчаки жавобсиз қолмаслиги тайин. Мендан “Барон”нинг иккинчи қисмларини суратга оласизми, деб жуда кўп сўрашяпти. Фильмнинг давомини суратга олишим ва ўзбек киносининг янада ривожланиши, шубҳасиз кинотеатрларга келаётган томошабинларга боғлиқ. Менимча, ўзини ҳурмат қилган, юзлаб кишиларнинг меҳнатини қадрлайдиган асл томошабинлар фильмни кинотеатрларга келиб томоша қилишади.
Бу воқеа режиссёр Рустам Саъдиев билан биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Режиссёрнинг ўтган йил катта шов-шувларга сабаб бўлган “Сотқин” номли картинаси ҳам катта экранларга чиққанидан бир ой ўтар-ўтмас “қароқчилар”нинг қўлига тушган эди.
Нафақат Ўзбекистон, балки Туркия ва Россияда ҳам суратга олинган “Барон” фильмига жами 147 миллиард сўм маблағ сарфланган эди. Ўзбек киносида қачон яхши фильмлар кўпаяркин, қачон мазмунан бой, пухта сценарий асосида яратилган фильм экран юзини кўраркин, деган гаплар жуда кўп бор қулоғимизга чалинади. Яхши фильм экранга чиққанда эса уни маданиятли томошабинлар каби кинотеатрга бориб томоша қилиш ўрнига, диски сотувга чиқишини кутамиз. Видео "қароқчилар” ҳам бундан унумли фойдаланади. Балки уларнинг “фаолияти”га нуқта қўйиш вақти келгандир.