Ўзини режиссёр санаб, халқни маиший мавзуларда олинган фильмлари билан алдаб, маънодан йироқ, мазмунга бегона картиналарига маст бўлиб юрган режиссёрларга кино дегани мана бунақа бўлади, дегинг келади.
Ёдингизда бўлса, режиссёр Рустам Саъдиев ўтган йили “Сотқин” номли фильмни томошабинлар эътиборига ҳавола этган эди. Картина ўзбек томошабинлари томонидан жуда яхши кутиб олинди. Ютуқлар қаторида камчиликлар ҳам анча вақтгача муҳокамаларга сабаб бўлди. Саъдиевнинг “Барон”ига бўлган қизиқиш уни суратга олиш ишлари ҳали ниҳоясига етмай бошланган эди.
Пухта сценарий, 8 ойлик меҳнат, тинимсиз машаққатлар, узоқ тортишувлар, голливуд ва Россия киносининг таниқли актёрлари иштироки, ўзбек киносининг профессионаллари билан тузилган сулҳ, режиссёр ва операторнинг маҳорати... Буларнинг барчаси “Барон”нинг муваффақиятини белгилаб турибди, десак хато бўлмайди.
Тақдимот аввалида сўзга чиққан Рустам Саъдиев бу фильмни суратга олиш учун жуда катта куч ва меҳнат кетганини, картина дунёда кун сайин урчиб бораётган гиёҳвандлик офатининг олдини олиш, наркобизнесга қарши курашишдек долзарб мавзуни кун тартибига қўйиши билан аҳамиятга моликлигини таъкидлаб ўтди. “Ўзбек киноси, хусусан, ўзбекистонлик санъаткорларнинг ҳеч кимдан ками йўқ. Санъатимиз бошқа мамлакатларнинг санъатидан ортиқ бўлса борки, кам эмас. Ўйлайманки, “Барон” фильми ҳам буни яна бир бор исботлайди”, – дейди режиссёр.
Фильм ижодкорларини актёр Адиз Ражабов ўқиб эшиттирди. Картинада ролларни ўзбекистонлик актёрлар Ёқуб Аҳмедов, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Жавоҳир Зокиров, Улуғбек Қодиров, Сейдулла Молдаханов, Дилором Эгамбердиева, Раъно Шодиева, Жамила Ғофурова, Дилноза Кубаева, Шаҳзода Матчонова, асли суриялик голливуд актёри Ҳасан Масъуд, россиялик актёрлар Андрей Смоляков, Виктор Вержбицкий, Андрей Прилучный, Фарҳод Маҳмудов ижро этган.
Шу ўринда фильм сценарийсига эътибор қаратсак: Уй қурсанг унинг пойдеворини мустаҳкам қил, ана шунда у кўп йиллар сенга хизмат қилади, дейишади. Фильмнинг сценарийси ҳам – унинг пойдевори. Агар у пухта бўлмаса, манаман деган актёрларни ўйнатсангиз ҳам бефойда. Сценарий муаллифлари Шоира Ғиёсова ва Рустам Саъдиев реал воқеалар ва бадиий тўқималар асосида яратган асарларида етти ўлчаб бир кесишгани, ролларга актёрларни танлашда ҳам адашишмагани сезилиб турибди. Бу фильмда энг кичик, бор йўғи бир неча сонияларни ташкил этадиган эпизодик ролларни ҳам ўзининг ишининг усталари, тажрибали актёрлар ижро этишган. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов ва актриса Дилноза Кубаеванинг ролини келтириш мумкин.
Фильмда операторлик иши ҳам томошабинларнинг эътиборини тортмай қолмайди. Постоновкачи оператор Рустам Муродов ўзига топширилган вазифани ортиғи билан уддалаган.
Фильмдаги қаҳрамонлар ҳаётидаги воқеалар бир-бирига шу даражада чамбарчас боғланганки, мунофиқ, мўмай пул учун элу юрти, она Ватани, ота-онаси ва жигарларини сотишга тайёр манфур кимсалардан ҳеч ким қочиб қутула олмаслиги, уларнинг ғараз ниятларига ўз вақтида болта урилмаса, кун сайин урчиб, оқибатда нафақат миллат, балки, бутун дунёнинг илдизини қурутиши мумкинлиги ҳақида фикрлашга, мушоҳада қилишга, атрофга теъран нигоҳ ташлашга ундайди.
Фильмда актриса Жамила Ғофурова ижросидаги қаҳрамон наркотик савдоси билан шуғулланиб, бир қанча одамларнинг ёстиғини қурутгани етмагандек, турмуш ўртоғи қамалиб кетган бир аёлга эрини қамоқдан олиб чиқиб беришни ваъда қилиб, унга махсус идишларга солинган героинни юттиради. 4 ойлик ҳомиласи билан аэропортда ҳушидан кетиб, вафот этган аёлнинг ортидан МХХ ходимларининг назарига тушган оғуфуруш опасининг ўғлини Тошкентни айлантириб келиш ваъжи билан олиб кетади. Туғишган опасини тузоғига илинтирган Рўзигул (Жамила Ғофурова) болани Афғонистонлик ҳомийларига қарз эвазига қул сифатида бериб юборади. Икки ой давомида фарзандини сўрайвериб, ҳолдан тойган опаси Рўзигулнинг уйига боради. “Мен сендан қачон болангни олгандим?”, – жавоб қайтарган Рўзигулни опаси бўғзидан олади ва унинг бор қилмишлари ҳақида ИИВ ходимларига хабар беришини айтиб, дағдаға қилади ва кўзида ёш билан ортига қайтади. Йўлда кетаётган аёлни эса катта тезликда келаётган машинада Рўзигул атайин уриб юборади. У бу қилмишидан афсусланмайди, ҳатто опасига ачинмайди ҳам.
Фильмда этингизни жимирлатадиган, фикру хаёлларингизни жумбушга келтириб, юрагингизда ҳам ҳадик, ҳам нафрат уйғотадиган бундай саҳналар жуда кўп. Уларни борича дастурхон қилиб, фильмнинг тўлиқ мазмунини очиқ-ойдин сўзлаб бериш фикридан йироқмиз. Боиси картина учун юзлаб ижодкорлар тер тўкишган, томошабинлар эътирофи учун меҳнат қилишган.
Ўзбек киноси ҳақида сўз кетганда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим: режиссёр Рустам Саъдиев таъбир жоиз бўлса, кинотеатрларга томошабинларни қайтарган, кинофильмлари билан минглаб кишиларнинг кўнглига йўл топган, хусусий киностудиялар фаолиятининг ривожига ҳисса қўшган режиссёрлардан бири саналади. Биз уни мақтаб, номини кўкларга кўтариш фикридан йироқмиз. Иш бор жойда, камчилик бўлади, деганларидек Рустам Саъдиевнинг фильмлари ҳам хато ва камчиликлардан ҳоли эмас. Хусусан, янги фильмда бир қатор хатолар кўзга ташланди. Барон образидаги актёр Исо Тўраевнинг ташқи қиёфасида, гап-сўзларида баронларга хос салобат йўқдек. Балки бу роль актёрлар Ёдгор Саъдиев, Ёқуб Аҳмедов ёки Бахтиёр Қосимовга топширилганда буткул бошқача бўлармиди.
Голливуд актёри Ҳасан Масъудга ҳам жуда осон вазифа юклатилган. Бароннинг ўғлини ижро этган хонанда Жаҳонгирнинг ижросида эса сохталик, ички кечинмаларни ҳолатда тасвирлаб беролмаслик яққол кўзга ташланиб турибди. Шунингдек, фильмда бош қаҳрамон Улуғбек Қодировнинг тақдири охиригача очилмай қолгандек.
Актёрлар Фарҳод Маҳмудов, Улуғбек Қодиров, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Раъно Шодиева ва Жамила Ғофурованинг ижроси эса таҳсинга сазовор. Айниқса, Фарҳод Маҳмудовнинг образи томошабинларни фильм воқеаларига янада қизиқтира олди. Ундаги айёрлик, ҳолатларни имо-ишоралар ва кўз қарашлар орқали кўрсатиш ҳар қандай актёрнинг ҳам қўлидан келавермайди. Фарҳод Маҳмудов яратган қаҳрамон фильмда қайси вазифани бажараётгани бошидан маълум эди. У – хоин. Ватан, миллат, оқ сут хоини. Пул учун жонидан кеча оладиган оғуфуруш. Йўқ, сценарий муаллифи ва режиссёр хулоса қилишга эрта эканини уқтиришди. Сотқин бўлиб кўринган бу қаҳрамон фильм сўнгида юрт тинчлиги учун жонидан кечишга тайёр, оиласи ва фарзандларидан йироқда Ватан тинчлиги учун борини фидо қилаётган ҳарбий бўлиб чиқади. Фильмнинг айни шу саҳнасида қарсаклар тинмади. Шу каби эришилган ютуқлар, кўзланган мақсад ва етилган марра юқоридаги камчиликларнинг ўрнини тўлдириб турибди.
Сўнгги йилларда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг тавсияси билан, давлат бюджети асосида суратга олинаётган фильмлар ҳисобига ўзбек киносининг савияси анча ўсди. Бугунги киноларни кечагиси билан солиштириш анча мушкул. “Барон” ҳам билдирилган ишончни оқлади. Ўзини режиссёр санаб, халқни маиший мавзуларда олинган фильмлари билан алдаб, маънодан йироқ, мазмунга бегона картиналарига маст бўлиб юрган режиссёрларга кино дегани мана бунақа бўлади, дегинг келади. Улар ҳам дўппини бир четга олиб, кино асли нима экани ҳақида мукаммалроқ ўйлаб кўришса, томоша фақат кўнгилхушлик эмаслигини тушуниб етишса, маданий дипломатиянинг кучи кундан-кунга ортиб бораётганини англаб, таълим, исқтисод, спортда эгаллаган марраларимизни кинода ҳам эгаллаш фурсати етганини ҳис қилишса нур устига аъло нур бўлар эди.
Фильмнинг очиқ тақдимот маросими 16 январь куни Киночилар уйи ҳамда Алишер Навоий киносаройида бўлиб ўтади.