Ёнғоқзор яратиш учун кредит олмоқчи эдим. Аммо банкларда кредит бериш тўхтатилибди. Шу ростми?
“Ассалому алайкум, “Qalampir.uz” сайти ходимлари! Мен 6.5 га еримда ёнғоқзор барпо этиш ниятим бор. Бизнес режа тузиб, банкка мурожаат этганимда у ердаги ходимлар менга: кредит фоиз ставкалари ошгани сабаб кредит берилиши 3 ойга тўхтатилганини маълум қилишди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?”, деб ёзади андижонлик Исломбек Фозилбеков.
Ҳурматли И.Фозилбеков! Мактубингизда қайси банкка мурожаат этганингиз кўрсатилмагани боис биз Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Матбуот хизмати билан боғландик.
У ердан маълумот берилишича, банкларда кредит фоиз ставкаларининг ошгани ва ҳар бир банк индивидуал равишда ўз ставкасига эга эканини билдирди. Аммо шу муносабат билан кредит берилиши тўхтатилиши мумкин эмаслигини ҳам маълум қилди. Шундай экан, тегишли ҳужжатлар билан банкка қайта мурожаат этишингиз мумкин.