Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновани танқид қилган интернет фойдаланувчилари Азиза Ниёзметовани ҳам аяб ўтирмади.
Гап шундаки, хонанда Азиза Ниёзметова ойнага қараб туриб, ўзини ўзи суратга олган. Пардоз-андозни ўрнига қўйиб, гуллар олдида қошини чимириб суратга тушган Ниёзметова суратни Instagram’даги саҳифасига жойладию балога қолди. Хонанданинг суратига тинимсиз изоҳлар қолдирилди. Уларнинг аксариятида интернет фойдаланувчилари Азиза Ниёзметованинг очиқ ва тор либослар кийишини ҳамда ҳаддан зиёд пардоз қилишини ёзишганди. Албатта, хонанданинг тарафини олиб, уни оқлаганлар ҳам кўп бўлди. Бироқ Азиза Ниёзметова изоҳлар орасидан ўзигагина ижобий кўринганларини қолдириб, қолганларини ўчириб юборди.
Хонанда уни қоралаб, танқид қилиб изоҳ қолдирганларни ҳам аяб ўтирмади, гап сандиғидаги энг сараларини жавоб қилиб йўллади.
Фойдаланувчилардан бири эса Азиза Ниёзметовани Юлдуз Усмонованинг шогирдилигини айтиб, “Нима бўлибди, Юлдуз ҳам шунақа кийинади-ку...”, – дея изоҳ қолдирди. Бу мухлиснинг берган далдаси Ниёзметовага ёқиб тушди чоғи, унинг модасини тушунмайдиганларни бирваракайига “тупой”га чиқарди.
Бугунги мухлис кечагисидан анча фарқ қилади. У хонанданинг нафақат қўшиғига, балки одоби, саҳна маданиятига ҳам эътиборли. Шу сабаб Азиза Ниёзметова қоралаганларни “тупой”га чиқармай, танқидлардан тўғри хулоса чиқарса, ёмон бўлмасди.