...
МЕНЮ
ONLINE TV

Айрим давлат органларида очиқлик етарли даражада эмас


18:01, 14.04.2017 Жамият
 2 400

Баъзи давлат ташкилотларида фуқароларнинг қонуний талабларини инкор қилган ҳолда уларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Тошкентда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “очиқлик индекси” бўйича дастлабки рейтинг натижалари эълон қилинди. Жорий йил 1 январгача бўлган даврни ўзида ифодалаган мазкур кўрсаткичлар билан “Ochiqlik.uz” веб-ресурсида танишиш мумкин. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши шакллантирилди.
 
Кенгаш томонидан ишлаб чиқилган тегишли методика ҳамда регламент асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги мониторинги бўйича ишлар бошланди.
 
Жорий йилнинг 14 апрель куни пойтахтимизда Жамоатчилик кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг “очиқлик индекси” бўйича 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра рейтинги тақдимоти ўтказилди.
 
Дастлабки рейтингни тузишда давлат идораларида очиқликни таъминлашга қаратилган институционал ҳамда норматив-ҳуқуқий базанинг мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилган. 47 давлат ҳокимияти ва бошқаруви органини қамраб олган рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 97,5 балл тўплаган ҳолда биринчи, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир хил кўрсаткич (96,33) билан иккинчи, Адлия вазирлиги (93,67) учинчи ўринни банд этган. Рўйхатнинг қуйи поғоналарини банд этган Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Сурхондарё, Фарғона, Андижон ҳамда Навоий вилоятлари ҳокимликларида бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўплигини кўрсатди.
 
Рейтинг кўрсаткичлари бир қатор давлат органларида очиқликка етарли даражада эътибор қаратилмаётгани, баъзан фуқароларнинг қонуний талабларини инкор қилган ҳолда уларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари ҳам учраётганини кўрсатмоқда.
 
 “Очиқлик индекси” мониторинги бўйича олиб борилаётган чоралар фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқаруви тизимидаги иштироки самарадорлигини оширишга қаратилган ноёб механизм сифатида қаралмоқда. Мониторинг якунлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида жамоатчилик билан алоқаларни янада кучайтириш, самарали корпоратив ахборот сиёсати стратегиясини ишлаб чиқишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин”, дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.
 
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш ишлари мунтазам амалга оширилади. Натижалар ҳар йили икки маротаба (1 январь ва 1 июль ҳолатига) эълон қилиб борилади.
 
Маълумот учун, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор ахборотларни тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. 

Теглар:Давлат ҳокимияти органлари Очиқлик Ошкоралик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар