Икки автоуловни ўғирлаган шахс бирини тўсиққа урган, иккинчи машинанинг ЙТҲ натижасида ёниб кетишига сабаб бўлган.
Номаълум шахс мавзе ҳудудида қаровсиз қолдирилган, фуқаро Орифжон Акмалович Камиловга тегишли бўлган Nexia русумли автоуловни ғайриқонуний равишда очиб, уни олиб қочган.
Ўғри олиб қочилган автомобилда Аҳмад Дониш кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётиб йўл четидаги бетон тўсиққа урилиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган. Жиноятчи шу ондаёқ ҳодиса жойидан ғойиб бўлган.
Худди шу, 13 сентябрь куни соат 19:30 да номаълум шахс Юнусобод тумани ҳудудида фуқаро Гулчеҳра Норбековна Исматовага нисбатан куч ишлатган ҳолда унга тегишли бўлган Cobalt русумли автомашинасини олиб қочган.
Автомашинада Абдулла Қодирий кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтида Grand Palace меҳмонхонасининг қаршисидаги бетон тўсиққа урилиб, ЙТҲ содир этган, натижада машина ёниб кетган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
ЙТҲ содир этган гумондорнинг ўзи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув ишлари натижасида автомашиналарни олиб қочиш жиноятларини — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган Шаҳзод Анварович Маҳкамов содир этганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 2-қисми “г” банди (транспорт воситасини талон-торож қилиш мақсадида олиб қочиш) ва 267-моддаси 3-қисми “в” банди (транспорт воситасини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш мақсадида олиб қочиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.