Ёшлар терма жамоаси сўнгги турда Тожикистон терма жамоасига кичик ҳисобда мағлуб бўлди...
Гуруҳ босқичи сўнгги турида саралаш мезбони Тожикистонга қарши майдонга тушган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси рақибига кичик 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди ва ОЧ финал босқичига чиқиш имкониятини бой берди.
Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига киритилган гол тожикистонлик футболчилар томонидан эмас, балки ўзбекистонлик футболчи Дилшод Саидов томонидан 53-дақиқада киритилди.
Тожикистон терма жамоаси ушбу ғалабадан сўнг гуруҳ ғолиби сифатида Осиё чемпионати финал босқичига йўл олган бўлса, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритиб, тўплар нисбатига кўра, иккинчи ўринни эгаллаган энг яхши бешта жамоа сафига кира олмади ва шу тариқа мусобақани самарасиз якунлади.
U-19 ОЧ саралаши
"B" гуруҳи, Душанбе, Тожикистон
Ўзбекистон U-19–Тожикистон U-19 — 0:1.
Гол: Дилшод Саидов (53, автогол).
Эслатиб ўтамиз, Александр Мочинов бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бунгача Шри Ланка (10:0) ва Малдивь терма жамоаларини йирик ҳисобларда мағлубиятга учратганди, лекин сўнгги ҳал қилувчи ўйиндаги автогол сабаб якунда юқоридаги ғалабалар ҳам ўзбекистонликларга ёрдам бера олмади.