...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ҳам хатолар борлиги аниқланди


20:27, 05.04.2018 Спорт
 4 535

Улар Андижон ва Фарғонада 1 ҳафталик ўқув-машғулот йиғинини ўтказди.

Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров март ойида ўтказилган ўқув-машғулот йиғинлари бўйича Мураббийлар кенгаши ва “Терма жамоалар” бошқармасига ҳисобот топширди. Бу ҳақда ЎФА Матбуот хизмати хабар берди.
 
2018 йилнинг 14 августидан 1 сентябригача Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган терма жамоа март ойида Андижон ва Фарғонада 1 ҳафталик ўқув-машғулот йиғинини ўтказди.
 
Йиғинда жамоа Кения ёшлар терма жамоаси билан иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Йиғин давомида мураббийлар 4 та асосий вазифа устида иш олиб борди.
 
Биринчиси, Осиё ўйинларига борадиган футболчилар рўйхатини шакллантириш учун номзодларнинг функционал тайёргарлигини синовдан ўтказиш бўлди.
 
Иккинчиси, ҳимоя ва ҳужумдаги ўйинни ташкил қилишда ўзаро ўйин ва ҳаракатларни такомиллаштириш бўлиб, бу борада махсус дастур ва режа асосида иш олиб борилди.
 
Учинчи вазифа, футболчиларнинг юқори тезликдаги техник ва тактик ҳаракатларни гуруҳ ва жамоа бўлиб ижро этиш даражасини оширишдан иборат эди. Тўртинчи вазифа юқори натижаларни қўлга киритадиган иноқ ва бирлашган жамоани тузиш бўлди.
 
Йиғинга Ўзбекистон Суперлигасидаги 11 жамоадан 24 нафар, Россия премьер лигасидан эса бир футболчини чақирди.
 
Бу вақтда миллий терма жамоа Марокашда йиғин ўтказаётганлиги муносабати билан жамоанинг 6 нафар аъзоси – Рустам Ашурматов, Одилбек Ҳамробеков, Жавоҳир Сиддиқов, Жасур Яхшибоев, Ботирали Эргашев, Акром Комиловлар йиғинда қатнаша олмади. Уларнинг ўрнига заҳирадан 9 нафар янги футболчи таклиф этилди: Дарвозабон – Умиджон Эргашев (Насаф), ҳимоячи Аваз Маматхўжаев (Қўқон 1912), ярим ҳимоячилар – Шароф Муҳиддинов (Насаф), Муҳаммаданас Ҳасанов (Қўқон 1912), Остон Ўрунов (Навбаҳор), Азиз Турғунбоев (Навбаҳор), Ислом Кенжабоев (Насаф), Азиз Аманов (Локомотив) ва Нурулло Тўхтасинов (Сўғдиёна) лар заҳирадан чақирилиб, халқаро ўйин амалиётига эга бўлдилар. “Насаф” аъзоси Дониёр Нарзуллаев ва “Пахтакор” футболчиси Достон Иброҳимовлар жароҳатлари сабаб йиғинни ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
 
Кенияга қарши биринчи учрашув 23 март куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтди. Кескин курашларга бой бўлган ўйинда ёшлар жаомаси ҳимоядаги ўйинни яхши ташкил қила олмагани, ҳужумларни ташкил этиш ва самарали тугатишда бошланғич ҳаракатларнинг сустлиги, қолаверса, рақиб жамоанинг ўйинга яхши тайёргарлик кўргани сабабли чиройли ўйин кўрсата олмади. Натижада эса Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси 1-2 ҳисобида мағлубиятга учради.
 
Иккинчи ўйин 26 март куни Фарғонада бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси таркибида қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Бу сафар ўйин Ўзбекистон жамоаси аъзоларининг ташаббуси остида кечди.
 
Ўйинда кўплаб ҳужумлар уюштирилди, аммо улардан фойдаланилмади. Шундай қилиб, ўйин Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан йиғинни якунлади.
 
Ўйиндан кейин жамоа мураббийлар штаби ЎФА “Терма жамоалар” бошқармаси билан биргаликда иккала ўйинни таҳлил қилди.
 
Кейинги йиғинлар олдидан жамоа олдига ҳимояланиш асносида стандарт вазиятларни бартараф этиш, тезкор ва қарши ҳужумлардаги беқарорликни йўқотиш ва вазиятлардан унумли фойдаланиш ҳамда ҳимояда тартибли ўйин намойиш этиш каби жиҳатларга эътибор қаратилиши белгиланди.
 
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси Осиё ўйинларига тайёргарлик стратегиясига эга бўлиб, шу йилнинг бошидан бери ана шу стратегия асосида Индонезиядаги катта мусобақага тайёргарлик кўрмоқда.
 
Дастур 3 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси мусобақага одатий тайёргарлик асосида йиғинлар ўтказилади ва бу апрелнинг охиригача давом этади.
 
Иккинчи босқичда йиғинлар интенсив даражага кўтарилади ва футболчиларга бериладиган машқ ва жисмоний оғирликлар нисбатан кўпаяди. Интенсив давр май ва июнь ойларини ўз ичига қамраб олади. Июль ва августда терма жамоа нон-стоп босқичига чиқади ва бу даврда бор эътибор фақат Осиё ўйинларига қаратилади.
 
Осиё ўйинларининг футбол турнири 14 августдан 1 сентябрга қадар Жакартанинг 4 та стадионида бўлиб ўтади. Мусобақа регламентига кўра, жамоадаги футболчилар 1995 йил 1 январда ёки ундан кейин туғилган бўлиши керак. Фақатгина 3 нафар футболчининг ёш лимитидан чиқилишига рухсат берилади.
 
Якуний қайднома учун тақдим этиладиган футболчилар рўйхати 18 кишидан кам, 20 кишидан кўп бўлмаслиги талаб этилади. Айни пайтда футболчиларни рўйхатга олиш жараёни давом этмоқда ва у июн ойига қадар давом этади. Қуръа ташлаш маросими эса, дастлабли маълумотларга кўра 27 июлга режалаштирилган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлари Марокашда ўтказган икки ўйини ҳақида ЎФАга ҳисобот берганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!