Алмазбек Атамбоев 2016 йилнинг 24-25 декабрь кунлари ҳам давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган эди.
Аввал хабар берганимиздек, бугун, 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Ушбу ташрифнинг биринчи кунидан фоторепортажни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев ва унинг турмуш ўртоғини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Ҳошимова билан кутиб олди.
Икки мамлакат раҳбарлари пойтахт Тошкентдаги "Ўзэкспомарказ"да ташкил этилган Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишдилар.
Кўксарой қароргоҳида Қирғизистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул сай тортди. Президентлар шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи эртага, 6 октябрь куни ҳам давом этади.